21:13 / 30.10.2020
3525

Аксилкоррупция агентлиги хорижга чиқиб кетган активларни қайтариш бўйича Британия тажрибасини ўрганмоқда

28 октябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси номаълум манбалардан олинган бойлик ва активларни қайтариш мавзусида онлайн вебинар ўтказди.

Агентлик вакили Обиджон Латипов ўз фейсбук саҳифасида маълум қилишича, вебинарда коррупция сабаб чет давлатларга чиқиб кетган активларни қайтариш учун номаълум манбалардан олинган бойликларни аниқлаш ва бу жараёнда қонунчиликни қўллаш борасида Буюк Британия амалиёти кўриб чиқилган.

«Вебинарда инглиз экспертлари Лари Дай, Фиона Жаксон, Жилл Томас хорижга чиқиб кетган ноқонуний активларни аниқлаш ва қайтариш мавзусида маъруза қилди.

Бу борада, айниқса, Буюк Британиядаги келиб чиқиши номаълум бўлган бойликларга нисбатан ордер қўллаш, халқаро муносабатларга дахлдор ва музлатилган активларга арест қўллаш, мусодара қилиш, активларни қайтариш, молиявий тезкор ахборотни ишлаш учун очиқ маълумотлар ахбороти билан ишлаш масалаларидаги мавжуд амалиётга алоҳида эътибор қаратилди», – деб ёзади Латипов.

Таъкидланишича, тадбирда Ўзбекистон Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва унинг ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Афғонистон Бош прокуратурасининг тегишли бошқармалари вакиллари ҳам иштирок этган.

Қайд этилишича, мулоқот давомида томонлар коррупцияга қарши кураш масаласида ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти доирасида қилинадиган ишлар бўйича келишиб олишган.

Top