Ўзбекистон | 16:28 / 30.10.2020
13650
6 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Қашқадарё вилояти Ғузор туманида йирик инвестицион лойиҳани ишга туширди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида амалга оширилган 49,0 млн долларлик лойиҳа ишга туширилди.

Инвестицион лойиҳа доирасида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги мавжуд учта пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаси модернизация қилинди.

Кеча, 29 октябрь куни Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида лойиҳанинг ишга туширилиши муносабати билан тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда қатнашган «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг сўзларига кўра, янги лойиҳани ишга туширишдан асосий мақсад – табиий газ ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватини янада оширишдан иборат.

«Ушбу лойиҳамиз ҳам халқимиз куз-қиш мавсумида ҳеч қандай қийинчилик сезмаслиги, табиий газ етиб бормаган ҳудудларда яшовчи аҳолини суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида тизимда олиб борилган амалий ҳаракатлар натижасидир», – деди Меҳриддин Абдуллаев.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги ПҚ–4563-сонли «2020–2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан «Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида мавжуд учта пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини (УППБС-3/1,2,5) модернизация қилиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгиланган эди.

Буни амалга ошириш учун хорижий ҳамкорлар билан зарурий шартномалар имзоланган эди. Аммо кутилмаганда юз берган пандемия туфайли давлатлар чегаралари ёпилиб қолди.

Пандемия ва карантин шароитига қарамай, лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарма ва корхоналардаги ички имкониятлар ишга солинди, барча кучлар сафарбар қилинди.

«Бир сўз билан айтганда, пандемия бизни тоблади, мустақил ишлашга, мустақил қарорлар қабул қилишга мажбур қилди. Ўзимизга бўлган ишончни мустаҳкамлади», – деди Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси директори Шокир Жабборов.

Қурилмани модернизация қилиш ҳисобига йилига қўшимча 61 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси ишлаб чиқаришга ва бунинг асосида ички бозорда ушбу маҳсулотга ошиб бораётган талабни қондиришга эришилди.

Модернизация ишларида заводни импорт ускуналар билан таъминлаш мақсадида Украинанинг «Сумское НПО», Россиянинг «КМПО», «НИПИ НГ ПЕТОН», «Электростандарт-прибор», Швейцариянинг «Endress+Hauser» ва бошқа чет эл заводларидан қиймати 19,7 млн долларлик сиқув компрессори ва унинг ички алмашинувчи қисмлари, бошқарув клапанлари (ЗРА), ўлчов ва автоматика мосламалари (КИПиА), пўлат қувурлар, НК-16 СТ туридаги газ турбини двигатели, колонналар ички алоқа қисмлари каби ускуналар ва материал-техник ресурслар харид қилинган.

Ушбу лойиҳа доирасида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги газ ҳайдаш агрегатларининг ва сиқув компрессори станциясига Украинанинг «Сумское НПО» заводида ишлаб чиқарилган 8 дона СПЧ ички қисмларини янги ва замонавийларига алмаштириш ишлари олиб борилди. 2 дона С-1Н ва С-2Н сепараторлари монтаж қилиниб, К-1 деэтанизатор колоннасига Россиянинг «НИПИ НГ ПЕТОН» компаниясининг ички қисмлари тўлиқ ўрнатилди. Товар парки майдонида 7 та 200 куб метр сиғим унинг хизмат кўрсатиш майдончаси монтаж қилинди. Лаборатория ускуналарининг монтаж ишлари амалга оширилди ва «Фортек» ХК томонидан Шўртан НГҚЧ бошқармаси ходимларига амалий-ўқув ишлари олиб борилди.

Қурилиш ишлари эса бош пудратчи – «Муборакнефтгазмонтаж» МЧЖ томонидан бажарилди.

«Қўшимча пропан-бутан қурилмасининг ишга туширилиши нафақат газни қайта ишлашнинг биринчи босқичи, балки газни чуқур қайта ишлашни ривожлантириш учун замин ҳисобланади.

Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси конларида қазиб чиқарилган газ «Шўртан газ-кимё мажмуасига жўнатилади.

Ушбу мажмуада газдан метан, пропан, бутан, конденсатлар ажратиб олинади. Шу билан бирга, этандан этилен, полиэтилен ишлаб чиқарилади.

Мамлакатимизда барпо этилаётган GTL заводи ишга туширилгач эса юқори сифатли ёқилғи маҳсулотлари – дизел, керосин, нафта хомашёлари ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, қўшимча ишлов бериш натижасида этилен, пропилен ҳам олинади. Улардан эса Ўзбекистонда йўқ бўлган, импорт орқали кириб келаётган янги турдаги полиэтилен ва полипропиленлар ишлаб чиқарилади.

Натижада газни қазиб олишдан тортиб, то қайта ишлаш натижасида тайёр маҳсулот олишгача бўлган барча босқичлар тўлиқ битта жойда – «Шўртан» гуруҳ конлари базасида амалга оширилади», – дейди «Ўзбекнефтгаз» АЖ Газни қайта ишлаш ва газ-кимё департаменти бошлиғи Алишер Баҳодиров.

Тантанали маросимда «Ўзбекнефтгаз»АЖ томонидан пандемия ва карантин шароитларига қарамай, амалга оширилган инвестицион лойиҳада астойдил меҳнат қилган соҳа ходимлари тақдирланди.

Жараёнда иштирок этган бошқа фаол ходимлар ҳам қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.

Шунингдек, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси 1980 йил 29 октябрь куни ташкил этилган бўлиб, ўша куни бошқарманинг ташкил этилганига ҳам 40 йил тўлган экан.

Ушбу сана муносабати билан бошқармада янги музей очилди. Музейда бошқарма фаолиятига доир маълумотлар, қилинган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида маълумотлар жамланган.

Шунингдек, бошқармада янги дестпетчерлик хизмати ҳам ишга туширилиб, тизим тўлиқ автоматлаштирилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид