Самарқандда монолит усулда илк автомобиль йўл ўтказгичи қурилмоқда
Мазкур иншоотни бунёд этишдан кўзланган мақсад Самарқанд шаҳрида транспорт инфратузилмасини янада яхшилаш ҳамда янги қурилаётган «Самарқанд cити» ҳудудига келадиган сайёҳлар ва фуқароларга қулайлик яратишдир.
Самарқанд шаҳридан ўтган М-39 автомобиль йўлининг 1083-километрида янги йўл ўтказгич «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг «Кўприкқурилишлойиҳа» корхонаси ҳамда Россиянинг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда тайёрланган лойиҳа асосида барпо қилинмоқда.
Лойиҳага кўра, йўл ўтказгичнинг баландлиги 5,5, узунлиги 110, кенглиги эса 28,9 метрни ташкил этиб, иншоотдан икки томонга йўналиш бўйлаб иккита съезд мавжуд. Ушбу йўл ўтказгич фойдаланишга топширилгач бир соатда қарийб 600га яқин, бир суткада эса 14 мингта автомобилни ўтказиш имконияти яратилади. Амалга оширилаётган лойиҳанинг оралиқ қурилмаси кесимсиз уч оралиқли балка бўлиб, қурилиш баландлиги бўйича ўзгарувчан бўлади. Икки четидаги оралиқ қурилманинг узунлиги 33 метр, ўртадаги оралиқ қурилманинг узунлиги эса 42 метрдан иборат бўлади. Мазкур йўл ўтказгичга жами 6000 метр куб бетон ётқизиш ишлари мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 3000 метр куб бетон ётқизилди.
Деформацион чоклар резина-металли қоплама туридан иборат бўлиб, ўтказгичнинг эни ва узунлиги бўйлаб ҳаракатланишига имконият беради ва автомобилларнинг текис ва равон ҳаракатланишига замин яратади. Мутахассисларнинг айтишича, бундай деформацион чоклар биринчи маротаба ишлатилмоқда.
Монолит оралиқ қурилма ҳам яхлит ҳавозаларда 2 босқичда қурилади. Дастлаб бир йўналишда учта ҳаракат йўли, иккинчи йўналишда худди шунча ҳаракат йўли қурилади. Ушбу йўл ўтказгич қурилишини «Кўприкқурилиш трести» корхонасининг 200 нафар мутахассиси замонавий техника ва ускуналардан фойдаланган ҳолда амалга оширмоқда.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024