Ўзбекистон | 19:23 / 30.10.2020
7230
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ўтаётган МДҲ штаб бошлиқлари мажлисида Озарбойжон ва Арманистон вакиллари ҳам қатнашишмоқда

Бугун, 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи, армия генерали Валерий Герасимов раислигида МДҲ давлатлари Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси мажлиси бошланди.

«Жорий йилда халқаро ҳамкорлик соҳасидаги кўплаб тадбирлар ё видео-конфренц-алоқа режимида ўтказилди, ёки кейинроққа сурилди. Бу учрашув юзма-юз ўтказилиши бош штабларимиз орасидаги ишонч, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорлик даражаси юқори эканлигидан далолат», деган Валерий Герасимов қўшма мажлисни оча туриб.

Ўзбекистон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ўзининг кириш сўзида ҳамдўстлик доирасида ҳамкорликнинг устувор йўналиши минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, МДҲ давлатлари мудофаа идораларининг аксилтеррорчилик йўлидаги биргаликдаги ҳаракати эканлигини таъкидлаб ўтди. 

«Бугун халқаро терроризм таҳдиди ортиб бормоқда, халқаро можароларнинг эскилари кескинлашуви ва янги ўчоқлари пайдо бўлиш хавфи ортиб бормоқда», деган у.

МДҲга аъзо давлатлар ҳарбий делегациялари раҳбарлари Ҳамдўстлик давлатлари чегаралари бўйлаб юз бераётган ҳарбий-сиёсий вазият бўйича фикр алмашишади.

Мажлисда Арманистон, Беларусь, Озарбойжон, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳарбий делегациялари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲ давлатлари мудофаа вазирлари котибияти вакиллари иштирок этишган. 

Мавзуга оид