01:21 / 31.10.2020
5101

Бельгия шифохоналарда жой қолмагани сабабли коронавирусга чалинганларни Германияга жўнатмоқда

Фото: Reuters

Бельгияда коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқини ортида карантин эълон қилинди. Шифохоналар тўлиб-тошгани сабабли коронавирусга чалинганлар қўшни Германияга даволанишга жўнатилмоқда.

Шунингдек, тиббий маълумотга эга барча фуқаролар коронавирусга чалинганларни даволаш учун сафарбар қилинмоқда. 

“Бизда вирус тарқалишини максимал чеклашдан ўзга танлов йўқ. Бу охирги имконият чораларидир. Бу чоралар самара беришини таъминлаш фақат ўзимизнинг қўлимиздадир”, деб айтган Бельгия бош вазири Александр де Кроо.

Бельгия соғлиқни сақлаш вазири Франк Ванденбрукнинг таъкидлашича, 30 октябрда Льеждаги шифохоналардан 4 бемор Германияга жўнатилган. 

“Бу кичик рақамлар, бироқ ҳар бир бемор – бирдамлик намойишидир, гап одамлар ҳаёти ҳақида кетмоқда”, деб айтган Ванденбрук.

Карантин киритилиши сабабли мамлакатда мактаб таътиллари узайтирилади, ҳаётий муҳим товарларни сотмайдиган барча дўконлар ва хизматлар соҳасида фаолият юритувчи баъзи корхоналар ёпилади. Фуқароларга ёпиқ жойларда бир кишидан, очиқ жойларда эса 4 кишидан кўпроқ меҳмон қабул қилиш тақиқланади. Имкони бор жойларда масофадан ишлашга ўтилади. Янги чоралар декабрь ўрталаригача амал қилади. 

Ҳозирда Бельгияда комендантлик соати киритилган ҳамда кафе ва ресторанлар иши тўхтатилган.

Аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқини ортида Европа иттифоқининг барча давлатларида янги чекловлар киритиш зарурлигини айтган.  

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top