Ўзбекистон | 11:32 / 31.10.2020
5655
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон халқи билан ёнма-ён ишлаш АҚШ учун катта шараф». АҚШ ва Ўзбекистон қўшма баёнот эълон қилди

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, президентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни тасдиқлаш тўғрисидаги фармонини амалга ошириш доирасида, АҚШ Давлат департаменти Хотин-қизларнинг глобал муаммолари бўйича офиси Ўзбекистонга БМТ Хавфсизлик кенгашининг хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги 1325-сонли резолюциясини амалга оширишга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. 

Бу ҳақда жорий йилнинг 30 октябрида эълон қилинган, АҚШ ташқи сиёсат идораси сайтида жойлаштирилган «Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисида АҚШ-Ўзбекистон қўшма баёноти»да айтилади. Ҳужжат БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2000 йил 31 октябрда тасдиқланган 1325-сонли резолюцияси қабул қилинганининг 20 йиллигига бағишланган. 

Баёнотда, хусусан: 

  • Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси қабул қилинганининг 20 йиллигини нишонлаб, Ўзбекистонда хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали аёлларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш бўйича тобора ривожланиб бораётган ҳамкорликни тасдиқладилар; 
  • таъкидланганидек, АҚШ ва фуқаролик жамияти кўмаги билан ушбу режада Ўзбекистон ҳукуматининг аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътибор қаратаётгани, шунингдек, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда аёлларни илгари суришга кўмаклашиш муҳимлиги қайд этилган. Қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ иштирок этиши янада тинч ва фаровон жамиятларни барпо этишга олиб келади, дейилади ҳужжатда; 
  • Қўшма Штатлар учун Ўзбекистоннинг хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишда Ўзбекистон халқи билан ёнма-ён ишлаш катта шараф экани айтилади. Ушбу Баёнотнинг қабул қилиниши икки мамлакат ўртасидаги шерикликда яна бир ижобий қадамни белгилайди, дейилади ҳужжатда. 

Ушбу баёнот АҚШ томонидан мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида аёлларнинг ролини ошириш, шунингдек, уларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашининг ёрқин далилидир. 

Вашингтондаги дипломатик ваколатхона ва Давлат департаментининг Аёллар глобал муаммолари бўйича офиси ўртасидаги яқин ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг 23 октябрь куни Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШ Давлат департаменти томонидан виртуал шаклда ташкил этилган гендер масалаларига бағишланган халқаро форум ишида иштирок этди. Натижада, мамлакат 31та давлат билан биргаликда тегишли ҳужжатни имзолаб, АҚШнинг Хотин-қизлар иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳаракатларга чақириғи иштирокчисига айланди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотларига кўра, ҳозирги кунда АҚШ, Ўзбекистон ва Афғонистондан бўлган тадбиркор аёллар иштирокида юқори даражадаги уч томонлама бизнес-форум ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид