Ўзбекистон | 14:52 / 01.11.2020
14052
3 дақиқада ўқилади

Фарғона аҳли электр таъминотидан норози: айрим жойларда соатлаб узилишлар содир бўлмоқда

Кунлар совиб, қиш яқинлашар экан одамларда хавотир уйғона бошлайди, гарчи қишга тайёргарликни эртароқ бошлашга кўникиб қолишган эса-да. Табиийки, оммавий ахборот воситаларига ҳам электр, табиий газ ва иссиқлик таъминоти мавзусида мурожаатлар кўпаяди.

Kun.uz’га бу борада келаётган мурожаатларда айниқса, Фарғона вилояти етакчи. Фарғоналиклар ўз мурожаатларида ҳали қиш кириб келмасидан вилоятнинг айрим туманларида электр энергиясидаги узилишлар кўп кузатилаётганидан норозиликларини билдиришмоқда.

Мурожаатларнинг айримларига эътибор қаратамиз. Бувайдалик Салимжон Пўлатов шундай ёзади.

«Тўда қишлоғимизда «свет» ўчиши жуда ҳам кўпайиб кетди. Бир кеча-кундузда ҳаттоки 6 соатлаб ўчириш ҳолатлари кузатилмоқда. Ҳолбуки, электр энергияси ҳақини ўз вақтида тўламоқдамиз. На ишда, на уйимизда ҳаловат бор. Ҳали қиш келмасдан шунчалик. Туман электр таъминоти корхонасига қўнғироқ қилиб сабабини сўрасак, тайинли бир жавоб айтишмайди. Масъулларга қишга тайёргарликни эртароқ бошлашларини таклиф қиламан».

Боғдод туманида ҳам худди шундай ҳолат. «Ўзбекистон» қишлоқ хўжалиги ҳудудида яшовчи мурожаатчи Ҳафизуллоҳ Фахриддинов ўзи истиқомат қилувчи Бордон қишлоғида ҳам электр энергиясида жуда кўп узилишлар бўлаётганлигини билдирган.

Ўзбекистон тумани маркази Яйпан шаҳри, Хўжанд кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Музаффар Акбаров ўз мурожаатида айни кечки овқат маҳали, шом вақтида электр энергиясида соатлаб узилишлар бўлаётганлигини таъкидлайди. Мазкур туманда яшовчи Назиржон Қўчқоровнинг билдиришича, кечки маҳал 30 дақиқадан, эртаси куни тушлик вақтида, индинга эса эрталабда электр энергиясида узилишлар содир бўлмоқда. Бир кунда жами 4,5 соат электр бўлмайди.

Мазкур мурожаатларни реал ўрганиш мақсадида сайтимизнинг Telegram’даги Фарғона | Kun.uz каналида Фарғона вилояти аҳолиси учун ижтимоий сўровнома ўтказилди. Унда «Сиз истиқомат қиладиган ҳудудда электр энергиясида узилишлар бўляптими?» деган савол билан канал обуначиларига мурожаат қилинди.

Сўровномада иштирок этган қарийб 6 мингга яқин фуқароларнинг 76 фоизи «ҳа», 24 фоизи эса «йўқ» деган жавобни берган.

Бу эса Фарғона вилоятида электр энергиясида узилишлар чиндан ҳам кузатилаётганини англатади. Фуқароларнинг эътирозлари ҳақли: айниқса, кечки вақтлардаги ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз узилишлардан фуқаролар жуда норози. 

Балки, масъуллар томонидан бунга сабаб қилиб жойларда давом этаётган кузги-қишки тайёргарликлар кўрсатилар. Агар сабаб шунда бўлса, унда мурожаатчилар таклиф киритганидек кузги-қишки тайёргарликларни вилоятда эртароқ бошлаш керакдир.

Республика «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти, унинг Фарғона вилоятидаги филиали бунинг аниқ сабаби очиқлаши керак. Биз улардан мавзу юзасидан муносабат кутиб қоламиз.

Файзулло Султонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид