Ўзбекистон | 20:42 / 03.11.2020
11397
3 дақиқада ўқилади

Андижон ва Хоразмда аҳоли учун мўлжалланган кўмирни сотиб юборган мансабдорлар аниқланди

Шаҳрихондаги омбор мансабдорлари аҳолига етказилиши лозим бўлган 24,3 тонна кўмирни 12,1 млн сўмга сотиб юборгани айтилмоқда. Янгиариқда эса 38,9 тонна кўмир 13,6 млн сўмга сотилган.

Андижон ва Хоразм вилоятларида кўмир маҳсулотлари талон-торож қилинишининг олди олинди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ва ДХХнинг Шаҳрихон тумани бўлимлари ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Унда «HOWO» русумли юк машинаси ҳайдовчиси З. ҳеч қандай ҳужжатсиз кўмир маҳсулотларини олиб кетаётгани аниқланган.

«Ҳолат бўйича ўтказилган текширувда «Ўзбеккўмир» АЖнинг «Андижон кўмир етказувчи» филиали Шаҳрихон тумани омбори мансабдор шахслари аҳолига етказилиши лозим бўлган арзонлаштирилган 24,3 тонна кўмирни 12,1 млн сўмга сотиб юборганликлари фош бўлган», – дейилади хабарда.

Худди шундай, Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, «Кўмир таъминот» МЧЖ Хоразм вилояти филиалига қарашли Янгиариқ туман кўмир омбори мудири Р.А. ва оператори Д.Ж.лар аҳолига етказилиши лозим бўлган арзонлаштирилган 38,9 тонна кўмирни 13,6 млн сўмга «Р.» МЧЖга қарашли пишган ғишт ишлаб чиқарувчи корхонага сотган вақтларида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

  • Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи охирида Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги 30-боғча ходимлари «кўмир таппи» (қўлбола брикет) қилаётгани сурати тарқалган, бу ижтимоий тармоқларда кўмир сифати ва бу тизимдаги коррупция мавзусини кун тартибига чиқарганди.
  • Мактабгача таълим вазирлигига кўра, ушбу боғчага 11 тонна кўмир келтирилган бўлиб, унинг 400-500 килограмми майда ва сифатсиз бўлган. Вазирлик боғча ходимлари ушбу майдаланган кўмирни «увол қилмаслик мақсадида ўз ихтиёрлари билан» брикет ясаганини билдирди.
  • «Ўзстандарт» агентлиги кўмир сифати юзасидан Департамент билан ҳамкорликда ўрганишлар ўтказилгани, 8та ҳолатда кўмир ва брикет сифати талабга жавоб бермаганини маълум қилди.
  • «Ўзбеккўмир» бош директори ўринбосари Эркин Якубов ҳолатга изоҳ берар экан, кўмирни омбордан олиш пайтида муассаса раҳбарларига маҳсулот сертификати берилиши, агар маҳсулот сифатсиз бўлса олмаслик кераклиги, брикетлар ишлаб чиқарилганидан кейин 3-4 кун қуритилиши кераклигини айтди.

Мавзуга оид