Ўзбекистон | 12:04
1069
2 дақиқада ўқилади

Хитойда кўмир конидаги портлаш оқибатида камида 90 киши ҳалок бўлди

Ҳодиса 22 май куни маҳаллий вақт билан соат 19:29 да, Шанси вилоятида рўй берган. Портлаш пайтида конда 247 нафар ишчи бўлган. Камида 90 киши ҳалок бўлган, юздан ортиқ одам шифохонага ётқизилган.

Фото: China News Service

Хитойнинг Шанси вилоятидаги кўмир конида рўй берган портлаш оқибатида камида 90 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВга таяниб, BBC хабар бермоқда.

Ҳодиса Tongzhou Group'га қарашли Liushenyu кўмир конида, 22 май куни куни маҳаллий вақт билан соат 19:29 да содир бўлган. Портлаш вақтида конда 247 нафар ишчи бўлган.

Фожиадан кейин юзлаб қутқарувчилар воқеа жойига юборилди. Давлат телеканаллари тарқатган кадрларда шифокорлар жароҳатланганларни олиб чиқаётгани, ҳодиса жойида тез ёрдам машиналари турганини кўриш мумкин. Юздан ортиқ киши шифохонага ётқизилгани айтилмоқда.

Хитой раиси Си Жинпинг тирик қолганларни излаш ва жабрланганларни қутқариш учун барча куч ва воситаларни сафарбар қилишни буюрган. У ҳодиса сабабларини чуқур ўрганиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича ҳам кўрсатма берган.

Маҳаллий матбуотга кўра, кон раҳбарияти ва масъуллар қўлга олинган. Портлашнинг аниқ сабаби ҳозирча маълум эмас. Бироқ дастлабки маълумотларда кон ичидаги ис гази миқдори меъёрдан ошиб кетгани айтилган.

2000-йиллар бошида Хитой кўмир саноатида йирик ҳалокатлар тез-тез содир бўлиб турарди. Кейинги йилларда хавфсизлик қоидалари кучайтирилган, шунга қарамай, бундай фожиалар ҳали ҳам учраб турибди. 2023 йилда Ички Мўғулистон автоном ҳудудидаги очиқ кўмир конида рўй берган ўпирилиш 53 кишининг ўлимига сабаб бўлган эди. 2009 йилда эса Ҳеилонгжианг вилоятидаги конда портлаш содир бўлиб, юздан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Хитой – дунёдаги энг йирик кўмир истеъмолчиси ва атмосферага иссиқхона газларини энг кўп чиқарадиган давлат ҳисобланади. Шу билан бирга, мамлакат қайта тикланувчи энергия манбаларига ҳам катта сармоя киритмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид