Жаҳон | 19:38 / 03.11.2020
8886
1 дақиқада ўқилади

КХДР Хитой билан чегарасини миналаштирди

Жанубий Корея разведкасининг фикрича, КХДРда пандемия тарқалиши тиббиётнинг заифлиги туфайли "даҳшатли оқибатларга" олиб келиши мумкин.

Фото: AFP

КХДР ҳукумати коронавирус юқтирган одамлар мамлакатга ноқонуний тарзда кириб келишининг олдини олиш учун Хитой билан чегарасини миналаштириш топшириғини берди. Жанубий Корея разведкаси вакиллари ана шундай фикрда, деб хабар бермоқда Yonhap агентлиги.

"КХДР чегараларини ёпди ва Хитой билан айрим чегара кесимларида миналар ўрнатди. Чунки у жойларда коронавирусга қарши курашиш учун жисмоний ёки техник имкониятлар мавжуд эмас", - деди разведка бўйича парламент қўмитасига кирувчи депутатлардан бири. 

Разведканинг фикрича, КХДРда пандемия тарқалиши тиббиётнинг заифлиги туфайли "даҳшатли оқибатларга" олиб келиши мумкин.

Жанубий Корея разведкаси Корея Меҳнат партиясининг февралдаги йиғилишидан сўнг тайёрланган ҳужжатларидан бири тўғрисида маълумот берган. Ҳужжатга кўра, КХДРда коронавирус тарқалиши натижасида 500 минг нафаргача инсон ҳалок бўлиши мумкин.

Мавзуга оид