Ўзбекистон | 10:58 / 04.11.2020
5943
5 дақиқада ўқилади
Реклама

Huawei Uzbekistan талабалар учун мўлжалланган “Seeds for the Future” таълим дастурини бошлади

Ўзбекистонлик талабалар “Seeds for the Future” дастури доирасида Huawei'нинг инновацион технологияларини ўрганишга ва Хитойнинг маданияти ва анъаналари билан танишишга киришишди.

Huawei компанияси олти йилдан буён ҳар йили Ўзбекистонда “Seeds for the Future” (“Келажак ниҳоллари”) лойиҳасини амалга ошириб келмоқда, унинг доирасида ТAТУнинг 50 нафар талабаси ўтган йиллар давомида компаниянинг Хитойдаги штаб-квартирасида амалиёт ўташди. Дастурда бутун дунёдаги 500 дан ортиқ университетлардан жами 30.000 нафар талаба иштирок этишди ва унинг доирасида умумий ҳисобда 5770 нафар энг яхши талабалар Хитойга боришга муваффақ бўлишди.

Бутун дунёда пандемия туфайли юзага келган ҳозирги вазиятни ҳисобга олган ҳолда, бу йил “Seeds for the Future” лойиҳаси онлайн тарзда ўтказилмоқда, аммо бу унинг қийматини ва ахборот мазмунини мутлақо камайтирмайди. Aйни вақтда Тошкент Aхборот Технологиялари Университети (ТAТУ), Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (ТИУ) ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган ахборот-коммуникация технологиялари мактабидан танлаб олинган 30 нафар талаба лойиҳа бўйича ўқишни бошлашмоқда. Ўзбекистондан борган иштирокчилар Таиланд ва Камбоджа талабалари билан биргаликда 5 кун давомида 5G технологиялари, булутли ҳисоблаш, сунъий интеллект, HMC бўйича чуқурлаштирилган курсларда қатнашишлари, шунингдек Huawei компаниясининг Хитойдаги штаб-квартираси ва базалари бўйлаб виртуал саёҳатларни амалга оширишлари ва ХХР маданияти ва анъаналари билан танишишлари мумкин бўлади. Талабаларнинг юқори даражадаги интерфаоллигини таъминлаш мақсадида улар Huawei компаниясининг штаб-квартирасида ва минтақавий офисларида фаолият юритаётган мутахассислар томонидан ўтказиладиган онлайн маърузаларга таклиф қилинишди.

2 ноябр куни Ўзбекистондаги Huawei компанияси офисининг медиа-студуясидан эфирга узатилган онлайн очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда AКТ соҳасидаги таълим муассасалари вакиллари иштирок этиб, табрик нутқларида бўлажак AКТ мутахассисларини қўллаб-қувватлашларини билдиришди. Меҳмонлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев, ТAТУ ректори Сарвар Бобохўжаев, ТAТУ проректори Хайрулла Умаров ва Aл-Хоразмий номидаги AКТга ихтисослаштирилган мактаб директори ўринбосари Севара Шокирова иштирок этишди.

“Huawei компанияси ўзининг Ўзбекистонда олиб борган 20 йиллик фаолияти давомида ўзини ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида намоён қила олди ва бу йиллар давомида Ўзбекистоннинг AКТ соҳасига ўзининг катта ҳиссасини қўшди. Мен Huawei компанияси Хитойдаги штаб-квартирасидаги тренинг марказлари ёрдамида инновацион технологияларни чуқур ўрганиш учун бутун дунё талабаларини бирлаштира олганини кўриб турганимдан хурсандман”, – дея таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев.

“Seeds for the Future” лойиҳаси бўлғуси AКТ мутахассислари учун нафақат кенгроқ билим олиш имконини беради, балки уларга университетни тамомлагандан сўнг, худди 2018 ва 2019 йилги дастурларнинг битирувчилари каби Ўзбекистондаги Huawei компаниясида амалиёт ўташ имкониятини тақдим этиш билан уларнинг келгусидаги муваффақиятларига катта йўл очиб беради. Хусусан, ўтган йиллар битирувчилари орасидан баъзилари аллақачон Ўзбекистондаги Huawei компаниясининг ходимларига айланиб улгуришган ва бу билан рақамли Ўзбекистоннинг ривожига ўз ҳиссасини қўшишда давом этмоқдалар.

“Биз лойиҳамизда иштирок этаётган талабалар ва бўлажак ахборот технологиялари соҳаси мутахассисларига лойиҳамизга хуш келибсиз деймиз. Пандемия ҳолати юзага келишига қарамай, лойиҳа тўхтатилмади ва бу йилда барча муассасалардаги ўқув жараёнлари каби онлайн тартибга ўтди. Бугунги кунда биз рақамли технологияларнинг ёрдами билан ўқувчилар ва ўқитувчилар қаерда бўлишларидан қатъи назар, уларнинг барчаси таълим олишлари мумкинлигини, бу дегани, янада кўпроқ иқтидорли ёшлар билим олишнинг, шу жумладан, AКТ соҳасида билим олишнинг чексиз имкониятига эга бўлишлари мумкинлигини намойиш этмоқдамиз”, – деб таъкидлади Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги директори жаноб Лю Цзясинь.

“Seeds for the Future” (“Келажак ниҳоллари”) – бу Huawei компаниясининг ўз корпоратив ижтимоий жавобгарлигини бажариши доирасида амалга ошириладиган глобал дастури. 2008 йилда Huawei компаниясининг штаб-квартираси томонидан ишга туширилган ушбу лойиҳа AКТ соҳасидаги маҳаллий истеъдодларни ривожлантириш, уларнинг дунёқараши ва билимларини кенгайтириш, истеъдодли ёшлар ўртасида телекоммуникация соҳасига бўлган чуқур тушунча ва қизиқишни шакллантиришга қаратилган, шунингдек, у минтақавий ўзаро алоқаларни ва рақамли ҳамжамиятдаги иштирокни яхшилаш ва рағбатлантиришга ёрдам беради.

Реклама ҳуқуқи асосида

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид