Ўзбекистон | 17:29 / 04.11.2020
7472
2 дақиқада ўқилади

Реабилитация марказларига эркаклар ва ҳатто болаларнинг мурожаат қилиши ҳолатлари кузатилмоқда

Ўзбекистонда Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари сони 197тани ташкил этади. Ушбу марказларда оғир ижтимоий аҳволда қолган, жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган шахсларга аноним тарзда шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилади.

Фото: justdial

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева реабилитация марказлари фаолиятига оид айрим маълумотларни келтириб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, 2020 йилнинг дастлабки 9 ойи давомида ушбу марказларга фуқаролардан 14 849 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 5 796 тасига психологик, 3 680 тасига юридик, 503 тасига тиббий ва 1 553 тасига бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилган.

«Мурожаат қилганларнинг 2 577 нафари билан марказ психологлари иш олиб борган, тиббий ёрдамга муҳтож 497 нафар шахсга биринчи ёрдам кўрсатилиб, тиббиёт муассасаларига юборилган. 442 нафар фуқаро марказлардаги ётоқхоналарга жойлаштирилган ва уларга зарур ёрдамлар кўрсатилган.

Таҳлиллар давомида мурожаатчиларнинг 9 870 нафари ёки 67 фоизга яқини фақатгина юридик ва психологик маслаҳат олиш учун мурожаат қилгани, уларнинг мурожаатларида зўравонликка учраш аломатлари йўқлиги аниқланган.

Мазкур мазмундаги мурожаат эгаларининг 2000 нафарига ҳуқуқий ёрдам, хусусан, 1 539 нафарига ҳуқуқшунослар томонидан маслаҳатлар берилди. 217 нафар фуқарога турли мазмундаги ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштиришда, 189 нафар фуқаронинг ҳимоя ордери олишида ёрдам берилди. 55 нафарига суд ва бошқа идораларда ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда вакиллик қилинди.

Афсуски, мазкур турдаги марказларга эркаклар ва ҳатто болаларнинг мурожаат қилиши ҳолатлари кузатилмоқда. Шу йилнинг ўтган даври мобайнида жисмоний зўравонликка учраган 18 нафар бола ва 168 нафар эркак мурожаати қабул қилинган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жисмоний зўравонлик асосан оилаларда содир этилиб, эр-хотин, қайнона-келин ёки куёв ўртасидаги турли можаролар оқибатида юзага келмоқда», – деди Саодат Боймирзаева.

Мавзуга оид