Ўзбекистон | 13:29 / 05.11.2020
3950
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Россиянинг давлат тараққиёт корпорацияси - “ВЭБ.РФ”дан дебют молиялаштиришни жалб этди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Россиянинг давлат тараққиёт корпорацияси - “ВЭБ.РФ” ўзаро манфаатли ҳамкорлик  бўйича илк муваффақиятга эришди.

Хусусан, жорий йилнинг сентябрь ойида Россия компаниялари ва “ВЭБ.РФ” раиси Игор Шувалов бошчилигидаги делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи чоғида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “ВЭБ.РФ” раҳбарияти билан ишчи учрашувлар бўлиб ўтган эди.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон Республикаси нефть ва газ саноатидаги лойиҳалар учун давлат тараққиёт корпорациясининг кредит маблағларини жалб этишни ташкил этиш бўйича келишувга эришган эдилар.

Қисқа вақт ичида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “ВЭБ.РФ” Ўзбекистон Республикасида разведка ва бурғилаш операциялари ҳажмларини ошириш мақсадида йирик Россия ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларини (ишлари ва хизматлари) етказиб бериш учун зарур ҳужжатлар ва молиялаштириш шартлари тўғрисида келишиб олдилар. Томонлар рақобат шартларида 40 миллион еврогача кредит линиясини очиш бўйича шартнома имзоладилар.

Қайд этилишича, ушбу маблағлар 2021 йилда 150 га яқин нефть ва газ қудуқларини бурғилаш ва йирик таъмирлаш ишларини ўтказиш учун моддий-техник ресурсларни ўз вақтида таъминлаш имконини беради.

Чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти эҳтиёжлари учун углеводород ишлаб чиқаришнинг режалаштирилган кўрсаткичларига эришишни таъминлайди.

Ушбу дебют молиялаштириш Ўзбекистон-Россия кўп қиррали ҳамкорлигининг динамик ривожланишига ҳам ҳисса қўшади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид