Жаҳон | 21:25 / 05.11.2020
9031
2 дақиқада ўқилади

Трамп президент сайловларида овозларни ҳисоблашни тўхтатишга чақирди

АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп 2020 йилги президент сайловларидаги овозларни ҳисоблашни тўхтатишга чақирди.

Фото: REUTERS

“Овозларни ҳисоблашни тўхтатинг!” деб ёзган Трамп твиттерда.

4 ноябрда CNN телеканали манбаларга таяниб, Трамп сайлов штаби Аризона ва Невада штатларида сайлов бюллетенлари қайта ишланиши юзасидан судга шикоят қилиши мумкинлигини маълум қилганди. Бундан аввалроқ штаб Жоржия, Пенсильвания ва Мичиган штатларида бюллетенлар қайта ишланиши тўхтатилиши талаби билан судга даъво аризалари топширган. Бундан ташқари, Трамп вакиллари Висконсинда ҳам овозлар қайта ҳисобланишини талаб қилишларини айтишган.   

АҚШдаги президент сайловлари 3 ноябрда бўлиб ўтди, бироқ жорий йилда жуда кўп америкаликлар почта орқали овоз бергани сабабли кўплаб штатларда овозларни ҳисоблаш жараёни чўзилиб кетди ва ҳанузгача давом этмоқда. Трамп эса сайлов участкалари ёпилгандан кейин почта орқали келган бюллетенларни ҳисобламасликни талаб қилмоқда.  

Айни вақтда вазият Трамп фойдасига эмас ва у рақиби Жо Байден ғалаба қозонган баъзи штатларда суд тартибида овозлар қайта ҳисобланишини талаб қилишга тайёрлигини айтган. Ҳозирги тенденция сақланиб қолса, Байден сайловчиларнинг ғалаба учун етарли сондаги овозини тўплай олади. Трамп эса ҳойнаҳой мағлубиятини тан олмайди ва АҚШ президенти сайловлари ғолиби судда аниқланади.

Сайловларгачаёқ республикачилар ҳам, демократлар ҳам воқеаларнинг айнан шундай тус олишига тайёрланишаётгани ва бу мақсадда ҳуқуқшунослар жамоаларини ёллашгани маълум қилинганди.

Fox News телеканали прогнозларига кўра, айни вақтда Трампда 214 нафар, Байденда эса 264 нафар вакилнинг овози бор. Ғалаба учун эса вакилларнинг камида 270та овозини тўплаш лозим.

Мавзуга оид