Жаҳон | 23:16 / 06.11.2020
50685
4 дақиқада ўқилади

АҚШ сайловлари: ҳал қилувчи штатлардан сўнгги маълумотлар

АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп «тебранувчи» штатлардан яна иккитасида устунликни бой берди. Аввалига Жоржияда, кейин Пенсилванияда демократлар номзоди Жо Байден олдинга чиқиб олди.

Оқ уй учун кураш ҳамон овозларни ҳисоблаш якунланмаган тўрт штатда давом этмоқда: Жоржия, Пенсилвания, Аризона ва Невада. Айнан шу ҳудудларда номзодлардан қайси бири президентлик учун зарур бўлган 270 делегат овозини олиши ҳал бўлади.

Жоржия ва Пенсилванияда дастлабки натижалар яқин бир кун ичида чиқиши кутилмоқда. Агар Пенсилванияда Байден ғалаба қозонса, пойга якунланади. Акс ҳолда барчаси дам олиш кунлари Аризона ва Невадада ҳал бўлади. BBC айни вақтдаги вазиятни кўриб чиқди.

Ҳал қилувчи тўрт штатда ҳам Байден кичик фарқ билан олдинда

Пенсилвания - 20 делегат
Маҳаллий вақт билан соат 14:00да GMT (Тошкент вақти билан соат 19:00да) Байден етакчиликни қўлга олди, ҳозирда унинг устунлиги 10 мингга яқин овозни ташкил қилмоқда. Яна бир неча ўн минг бюллетенни ҳисоблаш қолган (5 фоизга яқин), хусусан, штат маркази Филадельфия ва унинг атрофидаги ҳудудларда - бу ҳудудлар 2016 йилда Ҳиллари Клинтонни қўллаганди.

Кўпроқ маълумот қачон бўлади? Штат маъмурияти пайшанба куни охиригача натижалар чиқишига умид билдирганди, аммо ҳалигача бундай бўлмади. Кутиш давом этмоқда.

Жоржия - 16 делегат
Трамп ҳафта давомида етакчилик қилиб келди, аммо жума куни Байден олдинга чиқиб олди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда уни қўллаб-қувватлаган жоржиялик сайловчилар сони рақибиникидан 1,5 мингга кўпроқ. Бюллетенларни ҳисоблаш давом этмоқда (99 фоиз).

Штат давлат котиби, Республикачилар партияси вакили Брэд Брэд Рафенспергер икки номзоднинг натижалари бир-бирига жуда яқин бўлгани учун Жоржияда овозлар қайта ҳисобланишини маълум қилди.

Почта орқали юборилган яна бир неча минг бюллетен қолган, бу бюллетенлар асосан Атланта ва Саваннадаги сайловчиларга, яъни демократларга мойил бўлган жоржияликларга тегишли.

Агар Трамп Жоржияда Байденга ютқазса, делегатлар сони бўйича ғолиб бўлиш имкониятини йўқотади, аммо назарий жиҳатдан 269та делегат овозига эга бўлиб, натижа тенг бўлиши учун имконият сақлаб қолади. Делегатлар сони тенг бўлса, президент ким бўлиши Конгрессда ҳал қилинади.

Кўпроқ маълумот қачон бўлади? Сайлов комиссияси вакиллари овозларни ҳисоблаш амалда якунлангани, яқин соатларда натижа эълон қилинишини айтишмоқда.

Аризона, 11 делегат
Бу ерда аксинча - Байден олдинда, аммо Трамп унга соат сайин яқинлашиб келмоқда. Ҳозирда рақибларни тахминан 43,6 минг овоз ажратиб турибди, яна 400 мингга яқин овозни ҳисоблаш қолган, бу бюллетенлар асосан штат маркази Феникс яқинидаги Марикопа округига мансуб. Бу ерда ҳали сайлов кунида сайлов участкаларига ташланган бюллетенларни ҳам, почта орқали юборилганларини ҳам ҳисоблаб чиқишмаган.

Кўпроқ маълумот қачон бўлади? Навбатдаги маълумотлар маҳаллий вақт билан соат 09:00 (16:00 GMT, 21:00 Тошкент вақти)да келиб тушди. Аммо бу овозлар ким ғолиб чиқиши ҳақида хулоса қилиш учун етарли эмас.

Невада, 6 делегат
Байден бу ерда кун давомида рақиби билан орадаги фарқни оширди ва айни вақтда бу фарқ тахминан 20 минг овозга тенг бўлиб турибди. Бюллетенларнинг тахминан 10 фоизи ҳали ҳисоблаб чиқилмаган, уларнинг асосий қисми - демократларга мойил бўлган Лас-Вегасни ўз ичига олган Кларк округига мансуб бюллетенлардир.

Кўпроқ маълумот қачон бўлади? Невада овозларни жуда секин ҳисобламоқда. Дам олиш кунларида нисбатан батафсил картина юзага келиши мумкин.

Мавзуга оид