Жаҳон | 19:07 / 06.11.2020
99068
3 дақиқада ўқилади

Путин бетоблиги сабаб истеъфога чиқиши ҳақида хабар тарқалди. Кремль изоҳ берди

Британиядаги таблоидлар Владимир Путин беморлиги ва истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатишди. Жума куни Кремль ушбу хабар юзасидан изоҳ беришига тўғри келди.

Буюк Британиядаги The Sun нашри Россия президенти Владимир Путин Паркинсон касаллиги билан оғригани сабаб истеъфога чиқиши ҳақида хабар тарқатди. Одатда асоссиз миш-мишлар тарқатувчи ушбу нашр маълумотига кўпчилик эътибор бермади. Бироқ АҚШнинг обрўли нашрларидан бири бўлмиш Bloomberg агентлиги бу борада Кремлдан изоҳ сўради.

Bloomberg: Daily Mail, NY Post, The Sun каби нашрларда Владимир Путин Паркинсон касаллиги билан оғригани сабаб истеъфога чиқиши мумкинлиги, шунингдек, оиласи ундан эртароқ истеъфога чиқишини сўраётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабарга қандай изоҳ берасиз?

Дмитрий Песков (Кремль матбуот котиби): Биласизми, бу ерда муносабат билдирадиган гапнинг ўзи йўқ. Бу сафсата. Президент билан ҳаммаси жойида.

Bloomberg: Саломатлиги билан ҳамми?

Дмитрий Песков: Ҳа, унинг саломатлиги жуда яхши.

Bloomberg: Ва ҳозирда истеъфо ҳақида ўйламаяпти?

Дмитрий Песков: Йўқ.

DW.com нашрининг ёзишича, Путин октябрда давлат Думасига президентликдан кетган тақдирда Федерация Кенгашида бир умрлик сенатор бўлиб қолишига ҳуқуқий асоси бўладиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғини берган. Нашрга кўра, бу конституцияга ўзгартириш киритиш жараёнида амалга оширилиши кўзда тутилган. DW'нинг ёзишича, 5 ноябрь куни Россия Думаси қуйи палатасида собиқ Россия президентларини таъқиб қилишни қийинлаштирувчи қонун лойиҳаси муҳокамага киритилган.

Паркинсон асаб касаллиги бўлиб, у асосан ёши катта одамларда кузатилади. Бу касалликда одамнинг танаси ва асосан қўли сурункали қалтирайди, одамнинг ўзи эса буни сезмайди. Паркинсонда одамнинг ҳаракати секинлашиб, уйқусизликдан қийналади. Шунингдек, бу касаллик одамнинг ичак тизимида ҳам муаммолар келтириб чиқаради. Паркинсон касаллиги «Қалтираш келтириб чиқарувчи фалаж» эссесида унинг асосини тушунтириб берган британиялик олим Жеймс Паркинсон шарафига номланган. Тиббий тадқиқотларда айтилишича, айни дамда дунёда 4 миллиондан ортиқ одам Паркинсон касаллигидан озор чекмоқда.

Маълумот учун, 68 ёшли Владимир Путин 1999 йил 31 декабрда Россия президенти сифатида иш бошлаган. 2008-2012 йилларда Россия бош вазири бўлган ва шундай кейин яна президент сифатида ишлаб келмоқда. Россия конституциясига киритилиши тасдиқланган ўзгаришга кўра, Путин яна иккита муддатга ўз номзодини кўрсатиши мумкин ва шу тариқа амалда Россияни 2036 йилгача бошқариш имконига эга.

Мавзуга оид