Ўзбекистон | 14:50 / 06.11.2020
15271
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини «бутунлай қайта кўриб чиқиш» бўйича йиғилиш ўтказади

Бугун, 6 ноябрь куни, президент Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқ сақлаш масалаларига бағишланган селектор йиғилиши ўтказилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг хабар беришича, йиғилишда асосий урғу коронавирус билан қарши кураш тадбирларига эмас, балки соҳани тўлиқ қайта ислоҳ қилишга қаратилади.

Йиғилиш давомида оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тизимини қайта кўриб чиқиш, кадрларни молиялаштириш ва тайёрлаш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Маълумот учун, жорий йилнинг 3 ноябрь куни соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов лавозимини тарк этди ва унинг ўрнини вазирнинг биринчи ўринбосари бўлган Абдуҳаким Ҳожибоев эгаллади.

Ўз навбатида, президент маслаҳатчиси ўринбосари Амрилло Иноятов Абдуҳаким Ҳожибоевнинг ўрнига соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

2016 йилдан буён Тошкент тиббиёт академияси ректори вазифасида ишлаб келган Лазиз Тўйчиев президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари вазифасида иш бошлади. Тошкент тиббиёт академияси ректори этиб собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов тайинланди.

Академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори вазифасида ишлаб келган Анвар Алимов соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид