Жаҳон | 21:13 / 06.11.2020
6468
2 дақиқада ўқилади

Виталий Кличко учинчи марта Киев мэри этиб сайланди

Бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Виталий Кличко Киев шаҳри мэрлиги учун ўтказилган сайловда учинчи марта ғалаба қозонди.

Киев шаҳар сайлов комиссияси Виталий Кличко Киев шаҳар мэри учун ўтказилган сайловларида 50,52 фоиз овоз билан ғолиб бўлгани ҳақида хабар бермоқда.

Бугун Украинада 25 октябрь куни бўлиб ўтган маҳаллий сайловлар натижаларини эълон қилиш учун ажратилган сўнгги кун эди. 

Сайлов куни Киевда бўлиб ўтган иккита экзит-пол натижалари шаҳар мэри сайловларнинг иккинчи босқичида аниқланиши мумкинлигини кўрсатган эди. Аммо барча сайлов бюллетенлари ҳисоблаб чиқилганда Кличко 50 фоиздан сал кўпроқ овоз билан рақибларини ортда қолдириб, сайловда ғалаба қозонгани маълум бўлди. Энди кейинги беш йил давомида Киев шаҳрини Виталий Кличко бошқаради.

Мазкур сайловда Киев мэри бўлиш учун жами 15 нафар номзод курашган. Улар орасида Украинанинг Россия билан яқинлашиши тарафдори бўлган «Мухолифат платформаси» партияси номзоди Александр Попов Виталий Кличкога асосий рақиб бўлган.

Олдинроқ, сайловларнинг иккинчи босқичида ғалаба учун курашишга тайёрлигини айтган Александр Попов сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган натижаларга ҳали изоҳ бермаган.

Мавзуга оид