Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кличко: Украина мустақиллиги ҳали ҳам очиқ масала
Киев мэри Виталий Кличко Украина мустақил давлат сифатида мавжуд бўлиб қолишини ҳали ҳам “очиқ масала”, деб ҳисоблайди. У бу фикрни 15 феврал, якшанба куни эълон қилинган Financial Times (FT) газетасига берган интервюсида билдирган.
Фото: Danylo Antoniuk/Anadolu/picture alliance
Кличконинг айтишича, Россиянинг Украина муҳим инфратузилмасига мунтазам зарбалари сабаб мамлакат пойтахти “фалокат остонасида” турибди. FT ёзишича, 3,5 миллион киевлик Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан бери энг совуқ қишни бошдан кечирмоқда. Россия ракета ва дронларининг ҳужумлари минус ҳароратларда электр, иссиқлик ва сув таъминотининг катта кўламда вақтинча ўчирилишига олиб келган.
“Путиннинг асосий мақсади — Киев ва бутун Украина. У бизнинг мустақиллигимизни йўқ қилишни истайди”, — дея таъкидлади Кличко.
Киев мэрининг сўзларига кўра, шаҳар ҳокимияти ишини унинг Украина президенти Володимир Зеленский билан кўп йиллик сиёсий рақобати қийинлаштирмоқда. Аввалроқ давлат раҳбари Кличкони пойтахтни сўнгги ўн йилдаги энг совуқ қишга етарлича тайёрламаганликда айблаган. FT ёзишича, президент позициясини 17 та жамоат ташкилоти ҳам қўллаб-қувватлаган.
Кличко интервюда Зеленский билан ўзаро ёқтирмаслик анча олдин — Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан аввал ҳам мавжуд бўлганини тан олган. Мэр таъкидлашича, икки сиёсатчи Киев устидан назорат учун рақобат қилган. Кличко фикрича, президент маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ишларига аралашган ва уруш фонида Украина бошқарувини децентрализация қилиш ислоҳотларини секинлаштиряпти.
Кличко, шунингдек, Россия билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув тузилмагунча ва Украина ишончли хавфсизлик кафолатларини олмагунча, янги президентлик сайловларини ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватламаслигини айтди. “Уруш пайтида сиёсий рақобат — ёмон”, — дея хулоса қилди Киев мэри.
Мавзуга оид
17:10 / 23.04.2026
Украинанинг қотил роботлари: жанг майдони энди аввалгидек эмасми?
12:03 / 23.04.2026
Эрдўған Россия ва Украина музокараларини қайта бошлашга бел боғлади
19:30 / 22.04.2026
Сизранда Украина зарбаси оқибатида кўп қаватли уй подъезди қулади
13:51 / 22.04.2026