Ўзбекистон | 16:29 / 07.11.2020
48655
6 дақиқада ўқилади

Гўшт нега қиммат? — Қамаши мол бозоридаги ҳолат сабаб эмас, оқибат билан курашилаётганини кўрсатмоқда

Сўнгги вақтларда гўшт нархи кўтарилиб кетиши, аҳолининг керагидан ортиқ ёки кам гўшт истеъмол қилаётгани билан боғлиқ масалалар тез-тез тилга кўчадиган бўлди.

Kun.uz сайти мухбирлари Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги мол бозорида бўлиб, қорамол деҳқоннинг қўлидан қанчага сотиб олинаётгани ва қассоб ундан қанча фойда кўраётгани билан қизиқди.

Молбозорнинг ёзилмаган қоидалари бўлади. Кўпчилик тан оладиган, савдонинг паст-у баландини яхши тушунадиган инсонларга қулоқ солишади. Улар деҳқоннинг моли камситилишигаям йўл қўйишмайди, инсофсизларча нарх қўйилишигаям тоқат қилишмайди. Қаттиқ-қаттиқ танбеҳ берсаям улардан биров ранжимайди. Нархни бозорнинг ўзи белгилайди, деганда мана шундай мезонларга таянилади.

Йўлдош ота Бозоров кўп йиллардан бери даллоллик қилади. Унинг айтишича, айни вақтда бозорнинг ўзида қорамолнинг бир килограмм гўшти тирик вазнда 55 минг сўмдан баҳоланмоқда.

«Кимгадир мол олиб берсам, икки томондан ҳам 10 минг сўмдан ҳақ оламан. Аммо кимнингдир молини сотиб бериб, эвазига 100 минг сўм оладиган даллоллар ҳам бор», — дейди Йўлдош ота.

У гапнинг лўндасини айтди-қўйди. «Қассобни ҳам, деҳқонни ҳам қийнаётган муаммо битта ­– қорамолнинг озуқаси. Ем эса қўлдан қўлга ўтиб, кўтарилиб кетяпти», дейди у.

Шодмон Қўлдошев ўзи тайёрлаб бозорга олиб чиққан ҳўкизини арзон баҳолашаётганидан ранжиди. У сотувга чиқарган моли беш ойда саккиз юз килограмм ем еганини айтмоқда.

«Шундай бўлишига қарамай, ҳўкизимни ориқ дейишяпти. Энди ўйланг, бир килограмм емни 3200-3500 сўмгача сотиб олганман», — деди у. 

Шодмон ака айтганидек, саккиз юз килограмм кунжара 2 миллион 700 минг сўмдан ошади. Ваҳоланки, ҳўкиз фақат кунжара эмас, хас-хашак ҳам ейиши керак. Қарийб бир тоннага яқин ем еб ҳам «тайёр бўлмаган» ҳўкизни арзон бергиси йўқ.

Кўз олдимизда бир ҳўкизга барака берилди. Уни Найман полвон деҳқоннинг қўлидан сотиб олди. Найман аканинг айтишича, сотиб олган молини гўшт нархига ҳисобламаган. Маълум бўлишича, бироз озғин ёки ёш моллар бозорда гўштнинг асл нархида олинмайди. Бир муддат боқилади, емланади ва бозорга қайта олиб чиқилади. Шундагина мол сотиб фойда кўриш мумкин. Найман ака ҳам сотиб олган ҳўкизчасини олти ойдан бир йилгача емлаб, бозорга олиб чиқишини билдирди.

Бобомурод Хидиров Қамаши деҳқон бозорида ўттиз йилдан бери қассоблик қилади.

«Олган молимни камида уч-тўрт ой емлаб, кейин сўяман. Бозордан олишим ҳам тирик вазнда 54-55 минг сўмга тушяпти. Битта молнинг устига 7-8 фоиз қўйиб, гўшт сотамиз. Ўртача 350-400 минг сўм фойда кўраман. Солиғини тўлаймиз, меҳнатини қиламиз», — деди у.

Қассоб ҳам ем қимматлигини гўшт нархи кўтарилиб кетаётганига сабаб сифатида кўрсатди. «Қанийди, истаган одам биржа нархида ем сотиб ололса. Ем қўлдан қўлга ўтиши натижасида нархи кўтарилиб кетяпти. Бу эса гўшт нархига ҳам таъсир қиляпти», деди Бобомурод қассоб.

Қўй нархлари билан ҳам қизиқдик.

Лазиз Рустамов бозорга учта қўчқор олиб чиқибди. Учаласини 15 миллион сўмга сотиш нияти борлигини билдирди. Бир йил арпа бериб, емлабди. Кунига биттаси олти килодан арпа еётган экан. Арпанинг нархи ҳозирги вақтда 2500-2800 сўмни ташкил қилмоқда. Лазиз ака учта қўчқорни 12 миллион сўмга бермади. Қассоб бу қўйларнинг ҳар бири 80-85 килограммдан гўшт қилишини айтди. Шунга қараганда, деҳқон қўйларини қассобга тирик вазн ҳолатида килограммини 50 минг сўмдан бермаётганига гувоҳ бўлдик.

Қўй олувчилар ҳам деҳқонни инсофсизликда айбламаяпти. Чунки бир килограмм арпанинг нархи 2500 сўм бўлса, қўйлар кунига олти кило арпа ейиши керак. Олти ой емланган тақдирда ҳам битта қўйга қарийб 500 минг сўмлик арпа берилиши лозим. Ваҳоланки, Лазиз Рустамов қўйларини бир йил давомида емлаганини айтмоқда.

Қамаши бозорига Андижон вилоятидан келиб қўй олиб кетаётган қассобларни ҳам учратдик. Пахтаободлик Қаҳҳоржон Собиров 30 бош қўй сотиб олибди. Айтишича, Андижонга олиб бориб килосини 62 минг сўмдан сотади.

Бозорда мол-қўйнинг нархи билан қизиқар эканмиз, ҳамманинг «дарди» бир бўлди: деҳқон даллолни, даллол қассобни айбламади. Ем ва қорамолнинг ем-хашаги қимматлиги гўшт нархи баландлаб кетаётганига сабаб бўлаётганини айтишди. Емни тўғридан тўғри биржа нархида сотиб олишнинг имконияти бўлмаётганини маҳсулот қўлдан қўлга ўтиб, нарх «осмонлаб» кетаётганига боғлашди.

Ем-хашак савдогарларини ҳам суҳбатга тортдик. Илҳом Чоршанбиев бир килограмм кунжаранинг устига 100-150 сўм қўйиб, 3500 сўмдан сотаётганини айтди. Унга емни Денов туманидан олиб келиб беришаётган экан. Шрот ҳам 3500 сўмдан сотилмоқда.

Шунингдек, 18-20 килограммлик қуруқ беданинг бир боғи 15 минг сўмдан, қуруқ сомон 10-12 минг сўмдан сотиляпти. Тойланган қуруқ беда ёки сомон емланаётган ҳўкизга икки кунга етади, холос. Ем сотаётганлар килосига 50-100 сўмгача, қуруқ хашак сотаётганлар боғига 500-1000 сўмгача нарх қўймоқда. Битта ҳўкиз ёки қўчқорнинг тайёр бўлиши учун уч ойдан бир йилгача ем берилиши керак бўлади.

Гапнинг индаллоси. Бозорни кузатар эканмиз, биз сабаб эмас, оқибат билан курашаётганимиз аён бўлди. Қассобга «гўштни арзон қил» дейишдан аввал унинг бозордан арзон мол олишини таъминлашимиз лозим. Молни арзон сот, дейишга эса ҳаққимиз йўқ. Мол эгасиники, у қийналиб боққан, шунга монанд нархлаяпти. Молнинг озуқаси арзон бўлиши лозим. Бу борада аниқ ечим изланиб, тизимли ишланмас экан, гўштнинг нархини тушириш ҳақидаги гаплар ҳавода қолаверади.

Исомиддин ПЎЛАТОВ, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Фахриддин ҲОТАМОВ

Мавзуга оид