Ўзбекистон | 11:37 / 07.11.2020
3930
2 дақиқада ўқилади

ОТМда солиқ соҳаси бўйича махсус фанни жорий этиш таклиф қилинди

Олий таълим муассасаларида солиқ соҳасига доир билимлар бериб борилувчи махсус фанни жорий этиш таклиф қилинди. “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида тегишли петиция жойлаштирилган.

Фото: Fotolia / WavebreakmediaMicro

Қайд этилишича, бугунги кунда давлат солиқ тизими фаолияти самарадорлигини белгиловчи мезон сифатида иккита асосий кўрсаткич, яъни:

биринчи, давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро муносабатларда “шахсий кабинет”дан фойдаланиш даражаси; 

иккинчи, электрон ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва онлайн назорат-касса машиналарини автоматлаштирилган тарзда мониторинг қилиш бўйича дастурий маҳсулотларни қўллаш тажрибаси назарда тутилади. 

“Бироқ кўпчилик давлат солиқ тизимида мавжуд бўлган дастурий маҳсулотларнинг ишлаш тамойили ва фойдаланиш тартибини билмайди. Шу сабабли олий таълим муассасаларида солиқ соҳасига доир билимлар бериб бориладиган “Солиқ ва солиққа тортиш” махсус фанини жорий этиш керак”, – деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Таъкидланишича, мазкур фан доирасида талабаларнинг давлат солиқ тизимида жорий этилган дастурий маҳсулотлар билан яқиндан танишишлари ва уларни амалиётда қўллай олишлари учун имконият яратилади. Шунингдек, улар солиқ ҳуқуқига доир керакли маълумотларни эгаллаб, натижада намунали солиқ тўловчи сифатида катта ҳаётга кириб боришига эришиш мумкин.

Олий таълим муассасаларида солиқ соҳасига доир билимлар бериб борилувчи махсус фанни жорий этиш таклиф қилинган.

Мавзуга оид