Ўзбекистон | 08:42 / 07.11.2020
3662
4 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилади

Қишлоқ хўжалиги соҳаси ва тармоқлари учун кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш, ҳудудларнинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсад қилинган.

Президентнинг “Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Хўжаев), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Мажидов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Ортиқов), Молия вазирлиги (Ишметов) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Сариев)нинг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали негизида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Институт Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича вориси эканлиги белгилаб қўйилади.

Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • республиканинг шимолий минтақаси учун қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган илғор технологияларни қўллаш, “Ақлли қишлоқ хўжалиги” (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш;
  • ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, фан дастурларида соҳага оид инновацион ва замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ҳамда ресурс тежайдиган илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш;
  • хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида Институтнинг илмий-педагогик кадрларининг малакасини ошириш ва стажировкаларини ҳамда талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш;
  • илмий-тадқиқот институтлари билан манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳамкорлигида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш;
  • профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, талабаларнинг инновацион технологияларни яратиш ҳамда жорий этиш борасидаги ташаббускорлигини ва моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “кичик инновацион корхоналар” ташкил этиш;
  • Институтнинг кафедралар ихтисослиги бўйича талабалар ва ёш олимларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш мақсадида илмий мактаб ва тўгаракларни, шунингдек, “Ёш олимлар клуби”ни (Young Scholars Club) ташкил этиш ҳамда кейинчалик энг иқтидорли ёш олимларни хорижий давлатларга мақсадли равишда ўқишга ва стажировкага юбориш;
  • ўқув ва бошқарув жараёнини ташкил ва назорат қилишда ахборот тизимларини кенг жорий қилиш, талабаларнинг мустақил таълим олишлари учун масофавий ўқитиш шаклини татбиқ этиш орқали қулай шарт-шароитлар яратиш;
  • замонавий технологиялар ва интерактив таълим услубларини (E-Minbar электрон платформаси), талабаларнинг мустақил ўқув ва амалий фаолиятини (кейс-стади, коучинг ва бошқалар) ривожлантириш орқали амалиёт ўташ, шунингдек, ўқитувчи ва талабанинг ўзаро масофавий ҳамкорлигини (вебинар технологиялар) таъминлашга, уларда инновацион ва таҳлилий фикрлашни ривожлантиришга мўлжалланган модулли, объектга йўналтирилган ва динамик таълим муҳитини (Moodle) кенг жорий қилиш;
  • кредит-модуль тизимини ўқув жараёнига жорий этиш борасида профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини меъёрлаштириш, шунингдек, педагог ходимлар томонидан ўқув-методик, илмий-тадқиқот ишлари, “устоз-шогирд” тизими бўйича ишларнинг бажарилишини рағбатлантириб бориш;
  • хорижий ҳамкорлар билан биргаликда қишлоқ хўжалиги соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма таълим (double degree) дастурларини амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш;
  • истиқболли ёш битирувчиларни республика ва хорижий мамлакатлардаги етакчи олий таълим ва илмий муассасалари магистратура ва докторантурасига мақсадли равишда юбориш орқали Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид