Ўзбекистон | 09:06
536
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистонга қишлоқ хўжалиги уруғликларини беғараз етказиб берди

Ўзбекистон Афғонистон фермерлари ва аграр ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги экинларининг юқори сифатли уруғликларини беғараз асосда етказиб берди. Ёрдам мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан Афғонистон фермерлари ва аграр тузилмаларига қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари топширилди.

Беғараз ёрдам таркибига об-ҳаво шароитларига чидамли ва сертификатланган 20 тонна чигит, 20 тонна шоли уруғи, шунингдек, 500 килограмм юқори сифатли сабзавот ва полиз экинлари уруғлари киритилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур амалий кўмак Афғонистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолиси бандлигини ошириш ҳамда аграр соҳада замонавий технология ва инновацияларни жорий этишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, бу ташаббус Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги аграр ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорлик ва иқтисодий тараққиётга ҳисса қўшишга қаратилгани қайд этилмоқда.

Мутахассислар фикрича, бундай амалий ҳамкорлик қўшничилик тамойиллари ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг муҳим намунаси ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид