Тошкентдаги йирик бозорлар норасмий раҳбарининг кирдикорлари маълум қилинди
Тошкентдаги бозорларга ўзига яқин шахсларни лавозимга ўтказиб, бозорларнинг норасмий раҳбари бўлган шахс ҳақида маълумот берилди.
7 ноябрь куни Бош прокуратура биносида ташкил этилган коррупция масалаларига оид идоралараро йиғилишда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев жойлардаги бозорлар фаолиятини танқид қилди.
«Пойтахтдаги «Янгиобод ихтисослашган бозори» директори И. қатор коррупциявий жиноятларни содир этишда айбланиб, тергов ўтказилмоқда. У муқаддам савдо ва бозор соҳаларида ишлаб, бир неча маротаба судланган, сўнгги бор «Сергели деҳқон бозори» директори лавозимида ишлаганда содир этган суиистеъмолчиликлари ва талон-торожликлар учун 2016 йилда суд ҳукми билан жазоланган. И. 2019 йил февраль ойида яна «Сергели деҳқон бозори» директори лавозимига тайинланиб, ўша йилнинг апрель ойидан эса «Янгиобод ихтисослашган бозори» директорлигига ўтган.
Бу бозорда ҳам «эски ҳунарини» давом эттирган И. бозорга шахсий мулки сифатида қараб, тушумларни ва бозор мулкини талон-торож қилиш билан шуғулланиб келган», — деди бош прокурор.
Таъкидланишича, ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун И. атрофига ўзига хайрихоҳ шахсларни тўплаб, қисқа муддатда 2,7 миллиард сўмлик тушум пулларини ўмарганлиги, 919 миллион сўм солиқдан бўйин товлаганлиги, бозорда 124та ноқонуний қурилмалар қурдирганлиги аниқланган.
«Талон-торож қилган пуллардан қарийб 740 миллион сўмини легаллаштирган, жумладан, 340 миллион сўмга 5 хонали квартира, 200 миллион сўмга «Траилблейзер» автомашинасини сотиб олган. Бундай талон-торожлик оқибатида бозор ўта аянчли ҳолатга келиб қолган», — деди Йўлдошев.
Бош прокурорнинг маълум қилишича, И. «Сергели деҳқон бозори», «Фарҳод деҳқон бозори», «Авиасозлар деҳқон бозори»га ўзига яқин шахсларни лавозимга ўтказишга эришиб, ушбу бозорларга ҳам ўзи норасмий раҳбарлик қилган.
Kun.uz 2018 йилда Тошкентдаги бозорларнинг раҳбарлари ёппасига ҳибсга олинганини ҳақида хабар берганди. Ўшанда Тошкентдаги йирик бозорларнинг раҳбарлари растрата йўли билан талон-торож қилиш иши бўйича қўлга олингани маълум қилинганди.
Мавзуга оид
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024