Суҳбат давомида Муҳайё Асиловадан Ўзбекистонда коронавирус аниқланган дастлабки кунлар ва ойлаб уйга бормай карантин шароитида фаолият юритишнинг машаққатлари ҳақида сўрадик.

«Уйдан чиқиб кетаётганимда неварам 7 ойлик эди. Қайтсам, у бир ёшдан ошган, анча катта бўлиб қолган», – дейди шифокор.

«Биринчи беморнинг олдига дастлаб ёлғиз киришимга тўғри келди»

— Ҳозир 8 ой олдин бўлган ҳодисани эсласам... 15 март, соат [тунги] 3. Менга телефон қилишяпти: «Опа, бизда COVID-19 учун мусбат натижа чиқди. Нима қиламиз?»

Бир вақтнинг ўзида ҳам ваҳима, ҳам жавобгарлик пайдо бўлди. Чунки ўша вақтда бизда, Вирусология илмий-текшириш институтида 190 нафар касал ётганди. Уларнинг ичида диарея, ОИВ, жигар циррози билан касалланганлар бор. COVID-19 касаллиги аниқланган беморни соат 3да айтишган бўлса, уни кечқурун 12да олиб келишган ва ётқизишган. Унда мусбат бўлади деган эҳтимоли бор эди ва бу тасдиқланганидан кейин биздаги алоҳида бўлимга ўтказилган.

Эрталаб кириб келдим. Бу ерда даволанаётган 190 беморни тарқатиш керак бўляпти. Уларнинг ҳаммасига тўғри тушунтиришимиз, «COVID-19 билан касалланган биринчи бемор шифохонамизга олиб келинди, энди сизларни чиқариб юборишимиз керак», дейишимиз керак. Касаллар орасида бир кун олдин ётгани бор, ҳали тузалмаганлари бор. Уларнинг ҳаммасини тарқатиб, касаллар учун бошқа бўлимларни тайёрлашимиз керак...

Энг қизиғи, эрталаб COVID-19 бўлган касалнинг олдига кириб келаётганимда мендан ходимлар беморнинг олдига кирасизми, деб сўрашди. «Мен кирмасам, сизлар кирасизларми?» деб улардан сўрадим. Уларда ҳам қўрқув бор, улар ҳам қўрқишяпти. Бутун дунёда ваҳима бўляпти. Шундай қилиб, махсус кийимларнинг ҳаммасини кийиб хонага киряпман. Қарасам, ёнимда ҳеч ким йўқ... (кулади)

Кейин сал вазиятга мослашиб, бошқа шифокорлар ҳам киришди. У пайтда ҳали ўзимизда тажриба йўқ, фақат Хитой тажрибасига қарашимиз мумкин эди. Даволаш учун ҳам ҳозирги каби мукаммал шароитлар яратилмаган эди.

Биринчи беморнинг олдига кирганимизда, кўзларида шунчалик қўрқув бор эди. Ўзлари ҳам шифокор бўлганлари учун вирусга оид чет эл маълумотларини олганлар. Шунинг учун энди пневмония бўламанми, оилам нима қилади, деган ҳадик бор эди. Киришим билан мендан сув сўраб, энди оилам нима қилади, деб сўрадилар. Чунки оилаларида кўпчилик вирус юқтирган эди. Уларда ҳам бошида бироз ваҳима бўлди, 1-2 кундан кейин эса ўзларига келишди.