Ўтган ойда кузатилган ўқитувчиларнинг таътил пуллари камайиши билан боғлиқ муаммо ортидан энди шифокорлар ҳам маоши қисқарганидан шикоят қилмоқда.
Республика вилоятларида туман ва шаҳарлардаги шифохоналарнинг анестезиологик реаниматологоя бўлимлари врачларининг маошлари 20 фоизгача қисқариб кетган. Бу муаммо Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан бошқа ҳудудлардаги шифохоналарда кузатилмоқда. Kun.uz таҳририятга келиб тушган мурожаатлар асосида вазиятни ўрганди.
Шу пайтгача шаҳар ва туман марказларидаги шошилинч тиббий бўлимлари ходимларига иш ҳақи Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йилдаги 276-сонли қарори асосида тўланарди.
Унда соғлиқни сақлаш муассасалари гуруҳлари бўйича маошлар 4 коэффициент асосида белгиланган; шошилинч тиббий бўлимлар ходимлари 4-гуруҳга кирган. Яъни бунда ходимларга белгиланган маош гуруҳларга қараб қуйидаги коэффициентга кўпайтирилган:
- Муассасаларнинг 1-гуруҳи учун — тегишли разряд тариф ставкасига 1,0 тузатиш коэффициенти;
- Муассасаларнинг 2-гуруҳи учун — тегишли разряд тариф ставкасига 1,03 тузатиш коэффициенти;
- Муассасаларнинг 3-гуруҳи учун — тегишли разряд тариф ставкасига 1,05 тузатиш коэффициенти;
- Муассасаларнинг 4-гуруҳи учун — тегишли разряд тариф ставкасига 1,15 тузатиш коэффициенти қўлланган.
Юқоридаги гуруҳларга белгиланган коэффициентлар асосида реаниматологларга бошқа гуруҳларга кирувчилардан кўра кўпроқ маош тўланарди.
Аммо 2023 йил бошидан реанимация бўлимлари ходимларининг ойлиги иш юкламаси камаймаган ҳолда пасайиб кетди. Буни Kun.uz’га Андижон ва Бухоро вилоятларидаги туман шифохоналарида реанимация бўлимида ишлайдиган врачлар тасдиқлади. Таҳририят шифокорлар илтимосига биноан, уларнинг исм-фамилияси ва ишлайдиган жойи номини сир сақлайди.
«Биласизми, шошилинч бўлим шифокорларининг иши осон эмас, биз қачон авария содир бўлади ёки фалокат туфайли оғир аҳволдаги бемор келтирилади, билмаймиз. Баъзан суткалаб тик оёқда шошилинч ишлашга тўғри келади.
2005 йилдаги қарор асосида шу каби сабабларга кўра туман ва шаҳарларнинг шошилинч тиббий ёрдам ва уларнинг таркибидаги реанимация бўлимлари шифокорлари ойликлари коэффициент бўйича энг юқори даражага олиб чиқилган. Аммо 2023 йил бошидан ҳаммаси ўзгарди, ойликларимиз бирданига 20 фоизгача қисқариб кетди. Бунга Молия вазирлигининг биргина хати сабаб бўлди», дейди Kun.uz билан суҳбатлашган шифокорлардан бири.

















