Ўтаётган ҳафта давомида Жанубий Кореянинг кичик тоифали шифокорларининг учдан бир қисми иш ташлаб, намойишларга чиқди. Оқибатда шифохоналарда жарроҳлик амалиётлари тўхтаб қолди ёки кечиктирилди.

Шифокорлар ҳукуматнинг тиббиёт ОТМларига кўпроқ талаба қабул қилиш ҳақидаги қарорига нисбатан норозилик билдириб, намойишга чиқди. 27 феврал, сешанба кунги ҳолатга кўра, 9 мингга яқин шифокорлар иш жойларини ташлаб, мамлакатнинг тиббий хизмат тизимини хавфга қўйган. Ҳукумат бу орада агар шифокорлар 29 февралгача иш ўринларига қайтмаса, уларнинг лицензияларини тўхтатиб қўйиш, жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилди.

Намойишга нима сабаб бўлди?

Аввалроқ ҳукумат Жанубий Корея тиббиёт олийгоҳларига қабулни йилига 2 мингтагача кўпайтиришни (айни пайтда 3058 талаба қабул қилинади) ва шунинг билан 2035 йилгача аҳоли қаришига қарши тура олиш учун меҳнат бозорига 10 минг шифокорни қўшишни режа қилган.

Расмийларга кўра, Кореяда ҳар минг нафар аҳолига 2,1 шифокор тўғри келади. Бу кўрсаткич ривожланган давлатларда 3,7 ни ташкил қилади ва Кореяда нисбат пастроқ.

Иш ташлаган шифокорлар тиббиёт таълим муассасалари кескин ўсадиган квотага бардош беролмаслигини иддао қилмоқда. Уларнинг фикрича, рақамлар ошиши давлат тиббий харажатларини кўпайтиради холос. Худди ҳозирги вазиятдагидек кўпроқ талаба ўқигани билан барибир шифокорлар дерматология, пластик жарроҳлик каби талаб юқори соҳаларга ўзларини ураверади, педиатрия, акушерлик ва тез тиббий ёрдам каби кам маош тўланадиган соҳаларда мутахассислар етишмовчилиги сақланиб қолаверади.

Баъзи танқидчиларга кўра эса, кичик даражали шифокорлар соҳага кўпроқ шифокорларнинг кириб келиши даромадлари пасайишига сабаб бўлишидан хавотир олиб, ҳукумат режасига қарши чиқмоқда.

Беморларнинг аҳволи қандай?

Шифокорларнинг намойишлари сабаб турли тиббий муолажа ва жарроҳлик амалиётлари кечиктириляпти. Ўтган жума куни тез тиббий ёрдам билан боғлиқ муаммо сабаб 80 ёшлардаги юрак хасталигига чалинган аёл вафот этди. Унинг ўлими билан шифокорлар иш ташлашининг алоқаси бор деб қаралмоқда. Ҳозир ҳолат бўйича тергов иши қўзғатилган.