Жамият | 12:43 / 08.11.2020
17976
4 дақиқада ўқилади

«Малакали врач даражасига етиш – нина билан чуқур қазишдек гап» — инфекционист шифокор билан суҳбат

Ўзбекистонда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси – тиббиёт ходимлари куни. Биз ушбу сана муносабати билан узоқ йиллик тажрибага эга юқумли касалликлар шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Саодат Темирова билан суҳбатда бўлдик.

«Онам шифокор бўлган. Болалигимизда уйимизда беморлар кўп бўларди. Шу вазиятни кўриб катта бўлганмиз. 6–7 ёшлигимда шифокорлик касбини эгаллайман, деб қарор қилганман», – дейди суҳбатдошимиз.

«Шу касбда ривожланишимда турмуш ўртоғимнинг ҳиссаси жуда катта»

– Фаолиятим бўйича ўрганганларимни қоралаб қўярдим. Турмуш ўртоғим ҳаммасини йиғиб, китоб ҳолида чиқаришга ёрдам берган. Ўша пайти шу гапни айтарди: «Сен оддий шифокор эмас, фан доктори бўлишинг шарт».

Мен учун эса бу даража етиб бўлмас орзу эди. Ишимга бориб, беморларимни даволаб, кейин уй юмушларимни қилиб юришим менга етарди. 10–12 йил олдин. Турмуш ўртоғим мени аспирантурага киришимни жуда хоҳларди. Мен эса аксинча, буни истамасдим, қийинчиликлардан қўрқардим. Январь ойида аспирантурага ҳужжатларимни топширишим керак эди, лекин топширмадим. Буни эрим эшитиб: «Ажрашишга ариза ёзгин, аспирантурада ўқимасанг, сен билан ажрашаман», деди.

Ҳайрон бўлганимда: «Сендан бунақа нарса кутмагандим, сен фан доктори бўлишингни истаганман. Аёлим оддий шифокор эмас, олима бўлиши керак. Сен илм билан шуғуллансанг, кейин мен ҳам ўз йўналишимни давом эттираман», деганди.

Бошлаган илмий ишим 8 йил тўхтаб қолди. Турмуш ўртоғим қайта давом эттиришим кераклигини доим таъкидларди. У журналист сифатида кўп йиллардан бери телевидениеда фаолият олиб боради. Характерида бир жиҳат борки, ҳар доим «ёниб туради». Мана шу ёниб туриши менга куч беради. Илмий ишни ҳимояга қўйиш, эшикма-эшик юриб ҳужжатларни топширишга – ҳаммасига ёрдам берди.

Шифокор бўлиш қарорини қабул қилишимда онам сабабчи бўлган бўлса, турмуш ўртоғим уни янада ривожлантиришга кўмак берди.

Малакали шифокор бўлиш учун нима қилиш керак?

– Фақат ўқиш керак! Фақат ўқийсиз ва ўша ўқиганларингизни амалга татбиқ қиласиз. Баъзилар келади: «Мединститутга кирмоқчиман...» Бу осон эмас. Болаларимга ҳам айтганман: «Қаранглар, кечаси соат 2да қайси уйнинг чироғи ёниқ турган бўлса, у тиббиёт институти талабалари ёки врачлар».

Сабаби тиббиёт ходимларида масъулият катта. Бизнинг биргина хатомиз билан инсон умри якун топиши мумкин. Бунинг масъулияти жуда катта.

«Тиббиёт ходимини ҳақоратлаш ва унга куч ишлатиш – тарбиясизлик...»

– Шифокорлик фаолиятим давомида бемор ва унинг яқинлари билан муаммоли вазиятга тушмаганман. Ижтимоий тармоқда беморнинг яқинлари шифокорга нисбатан жисмоний куч ишлатгани ҳақида хабарларга кўзимиз тушади. Тез ёрдам шифокорлари шундай ҳолатга кўпроқ тушишади, чунки улар беморлар билан илк контактда бўлишади. Беморнинг аҳволи оғирлашганда, унинг яқинлари табиий равишда ўзини бошқаролмай қолиб, шифокорга ташланади. Лекин қандай вазият бўлмасин, шифокор беморни асраб қолишга ҳаракат қилишини унутиб қўймаслигимиз керак. Афсуски, ҳамма ҳам буни англаб етмайди.

Одамлар томонидан бундай муносабатнинг сабаби тарбиясизликдир. Уларга айтадиган ягона гапим: «Сизнинг ҳам фарзандингиз шифокор бўлсин». Битта шифокорни тарбиялаб чиқарсин... Осон эмас! Биласизми, қанча вақт керак... Бу нина билан чуқур қазишдек гап. 7 йил бакалавриат, кейин магистратура, аспирантура... Оғзи нонга тегаман дегунча нечтаси ташлаб кетади, қиз болалар эса қанақа оилага тушишини билмайди: ота-она уни ўқитади, яхши оилага тушса хўп-хўп, бошқача оила бўлса, уйда ўтир дейди.

Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилинг.

Муҳаббат Мамирова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид