Маълум бўлишича, 2022 йил 16 июнда “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинади. Унга кўра, туман-шаҳар шифохоналарининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимларидаги ўринлар сони педиатрия, терапия ва хирургия бўлимлари таркибига ўтказилган. Шу вақтгача шошилинч тиббий ёрдам таркибига кирган реанимация бўлимлари ҳам тўғридан тўғри бошқа бўлимларга қўшилган. Қўпол қилиб айтганда, реанимация бўлимлари иккинчи гуруҳга туширилган ҳолда жорий йил бошидан уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаб бошланган. Шифокорнинг ойлиги кўтарилиши ўрнига камайган.


Пайариқ туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими ҳамширалари Президент қарорида бизнинг тоифамиз туширилган, бироқ Соғлиқни сақлаш вазирининг 2023 йил 21 февралдаги буйруғига асосан бизнинг даражамиз сақлаб қолинган дейишмоқда.


Шифохонанинг реанимация бўлими ҳамшираси Ирода Абишевага кўра, тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги президент қарори қабул қилингунга қадар тўрт миллион сўмдан ортиқ ойлик олиб келган. Ҳозирги вақтда реанимация бўлимлари ходимлари 2-гуруҳга туширилиб, маош қарийб бир миллион сўмгача камайган.
“Бироқ бизнинг иш тартибимиз ўзгаргани йўқ. Энг оғир бўлимда ишлаймиз, жиддий касалликларни юқтириб олиш эҳтимолимиз юқори. Бу вазият инобатга олиниб, президент қароридан сўнг соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи чиқди. Унга кўра биз, реанимация бўлими ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ўзгармаслиги керак. Бироқ ушбу буйруқ ижроси таъминланмаяпти”, – деди Абишева.























