Жаҳон | 22:08 / 09.11.2020
48611
7 дақиқада ўқилади

Фақатгина коронавирусмас: Байден ғалабасининг беш сабаби

Америкада сайловолди кампанияси натижасини тахмин қилиш ҳеч қачон осон бўлмаган. Бу сафарги сайлов жараёнлари эса юз йилда бир кузатиладиган пандемия фонида кечди, мамлакатда 1960-йиллардан буён энг жиддий ижтимоий кескинлик юзага келганди. Одатда амалдаги президент қайта сайланиши эҳтимоли юқори бўлади. Байден шароитлар ва прецедентларни инкор этувчи рақиб қаршисида эди.

Фото: Getty Images

Шунга қарамай, у учинчи уринишда мақсадига эриша олди - делегатлар сони бўйича фарқ жуда кичик, аммо мамлакат бўйлаб унга овоз берган америкаликлар сони Дональд Трампга овоз берганлар сонидан бир неча миллионга кўп.

BBC делавэрлик автодилернинг ўғли дунёнинг энг катта мамлакати президентига айланишини таъминлаган беш омил ҳақида фикр юритган.

1. «Ковид, ковид, ковид»
Катта эҳтимол билан, Байден ғалабасининг асосий омили унинг ўзига боғлиқ эмасди.

230 мингдан ошиқ америкаликни ҳаётдан олиб кетган коронавирус пандемияси кундалик ҳаёт тарзи ва сиёсатни ўзгартириб юборди. Бу эса амалдаги президент фойдасига эмаслиги аён эди.

Буни Дональд Трампнинг ўзи ҳам яхши англарди, буни унинг сайловолди кампаниясининг охирги қисмидаги хатти-ҳаракатларидан ҳам билиш мумкин эди.

«Ёлғон хабарлар ҳақида гапирадиган бўлсам, бу Covid, Covid ва яна бир бор Covid», деганди у ўтган ҳафта бошида Висконсиндаги митингда.

Аммо вазият шунчаки ОАВнинг шов-шуви эмасди, бу фуқароларнинг ҳаётида акс этганди. Сўровлар шуни кўрсатдики, америкаликларнинг аксар қисми президентнинг инқироз ҳолатидаги ҳаракатларини қониқарсиз деб баҳолайди. Октябрь ойида Pew Research маркази томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари Байден 17 фоизлик устунликка эгалигини кўрсатаётганди.

Пандемия ва унинг ортидан келган иқтисодий пасайиш Дональд Трампни асосий кузиридан - иқтисодий ўсиш ва фаровонлик билан мақтана олишидан маҳрум этди. Сўровномада қатнашганлар президентнинг камчиликларини кўрсатиб ўтишган: бирор масалага чуқур кириб боришни истамаслик, илм-фан одамларига ишонмаслик, фақат бир кишига қулоқ солиш билан қарор қабул қилиш.

Айнан пандемия Трампнинг ишонч рейтингини қулатди - ёзда рейтинг 38 фоизгача тушди - бундан эса Байден ва унинг жамоаси фойдаланиб қолмаслиги мумкин эмасди.

2. Саҳна ортидаги кампания
Ўз сиёсий фаолияти давомида Жо Байден ўз баёнотлари туфайли ўнғайсиз ҳолатга тушиб юрувчи сиёсатчи деган номга эга бўлганди. Нутқидаги камчиликлар туфайли у 1987 ва 2007 йиллардаги президентлик кампанияларида муваффақиятсизликка учрайди.

Учинчи кампания бошланиши ҳам унинг учун кўнгилсиз кечди, бир неча бор чайналиб гапиришига эътибор қаратишди, аммо бу жиддий муаммо туғдирмади.

Уни диққат марказида туришдан биринчи навбатда Дональд Трамп қутқарди, у ҳамиша янгиликлар манбайи бўлишга интиларди. Иккинчидан, янада муҳимроқ мавзулар бор эди: коронавирус, Жорж Флойднинг ўлими ортидан бошланган намойишлар ва иқтисодий қийинчиликлар.

Шу билан бирга, Байденнинг штаби онгли равишда ишлаб чиққан стратегия ҳам иш берди: номзодни халққа камроқ кўрсатиш ва уни толиқтирмаслик, толиққан кўринмаслиги учун тадбирларга зўр бермаслик.

Нормал шароитларда бундай ҳаракатланиш унинг ўзига қарши ишлаган бўлар, Трамп уни ўқтин-ўқтин «ертўлага яширинган рақиб» деб аташи (у чиндан ҳам уйидаги ертўлада яшаб, видеомурожаатлар орқали кампаниясини олиб борди) изсиз кетмаган бўларди. Аммо коронавирус даврида унинг бу ҳаракати ҳайратларга ва муҳокамаларга сабаб бўлмади. Натижада, Байден асосан сукут сақлади ва хато ҳам қилмади, Трамп кўп гапириб, ўзининг гапдонлиги қурбони бўлди.

3. «Ким бўлса бўлсин, фақат Трамп эмас»
Сайлов кунига бир ҳафта вақт қолганида Байденнинг штаби унинг якунловчи реклама роликларини намойиш эта бошлади.

Асосий ғоя ўтган йил бошланган кампания бошидан буён ўзгаришсиз қолган, видеоларда Байден Демократик партияга ўзини номзод сифатида илгари сургани учун миннатдорчилик билдиради: «Ҳозирги сайловлар - «Америка қалби учун жанг», сўнгги тўрт йилдаги «хаос» ва «бўлиниш»га якун ясаш имкониятидир», дейди у.

Шиор ортида оддий ҳисоб-китоб бор эди: Байден америкаликлар зиддиятли ва шовқинли Трампдан кейин хотиржам ва барқарор етакчини маъқул кўришларига ишонч билдирганди.

«Мен Трампнинг шахсидан чарчадим», - дейди Майамида яшовчи, илк марта президентлик сайловларида иштирок этган 18 ёшли Терри Адамс.

Демократлар сайловни икки номзоддан бирини танлашдан кўра Трампга муносабатни билдириш бўйича референдумга айлантиришни уддалашди. Байденга у шунчаки Трамп бўлмагани учун овоз берганлар ҳам кўп эди.

Тарафдорлари Байденнинг ғалабаси энди сиёсат ҳақида қайғуриш шарт эмаслигини англатишини такрорлашни ёқтиришади. Бу албатта ҳазил гап, аммо унинг замирида ҳақиқат ҳам бор.

4. Марказлашув
Демократик партия ичида Байден асосан сўлчилар Берни Сандерс ва Элизабет Уорренга қарши кураш олиб боришига тўғри келарди, улар рок-концертлар мухлисларидан кўпроқ иштирокчилар қатнашган митинглар уюштиришди ва хайрия маблағлари тўплашди.

Байден эса марказчи позициясини танлади, у сўлчилардан фарқли равишда давлат соғлиқни сақлаш хизматларини ва олий таълимни бепул қилиш ҳақидаги шиорларни ишлатмади. Бу билан у мўътадил сайловчиларни ва иккиланувчи республикачиларнинг бир қисмини ўзига жалб этди.

Шунингдек, вице-президентликка сўл демократларнинг кумирларидан бирини эмас, Камала Ҳаррисни танлади.

Байден Сандерс ва Уорренга ютқазган ягона нуқта - иқлим ўзгаришлари масаласи бўлди. У энергетикага боғланган штатлар сайловчиларидан кўра, экология масаласида қайғурадиган ёшларнинг овозини олишга урғу қаратди.

5. Катта пуллар
Йил бошида Байденнинг пул сандиғи деярли бўш эди. Айниқса тўрт йил давомида кейинги сайловга тайёрланган ва бир миллиард долларга яқин пул йиққан Трамп билан таққослаганда.

Аммо апрель ойидан Байденнинг кампанияси учун хайрия йиғиш машинаси шитоб билан ҳаракатлана бошлади, маррага эса кампания рақибдан 144 миллион доллар кўпроқ сарфлаган ҳолда етиб келди - демократлар республикачиларни том маънода телевизион рекламаларга кўмиб ташлашди.

Албатта, пул ҳаммасини ҳал қилмайди. Тўрт йил муқаддам Ҳиллари Клинтон ҳам Трампни молиявий кўрсаткичлар борасида ортда қолдирганди. Аммо энди, коронавирус туфайли номзодлар ташвиқот тадбирларда иштирок этиши чекланган даврда, сайловчилар ҳам худди шу сабаб билан кўп вақтини телеэкранлар қаршисида ва интернетда ўтказишига тўғри келганида, реклама роликлари муҳим аҳамият касб этди.

Байденнинг штаби нафақат иккиланувчи штатларда, балки анъанавий равишда республикачиларга овоз бериб келган штатларда ҳам номзодни реклама қилиш учун катта пуллар сарфлади. Техасда, Оҳайода ва Айовада бу иш бермаган бўлиши мумкин, аммо консерватив Аризонани демократлар барибир ўз томонларига оғдиришга муваффақ бўлишди. Жоржияда ҳам республикачилар устунликни бой беришди.

Мавзуга оид