МИБ ва банк ходимлари ўртасида можаро юз бергани акс этган видео тарқалди. Томонлар ҳолат юзасидан изоҳ беришди
7 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда «Ипотека банк»нинг Юнусобод туманидаги филиали ёнида банк ходимлари ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари экани айтилган бир неча киши иштирокида можаро юз бергани акс этган видео тарқалди.
МИБ ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.
«Мажбурий ижро бюроси Юнусобод туман бўлими иш юритувида, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 27.03.2020 йилдаги 4-1001-2002/1354-сонли ҳамда 16.05.2020 йилдаги 4-1001-2002/1354-сонли ижро варақаларига асосан қарздорлар «Benefit Trade Group» МЧЖ ҳамда «Express Rental» МЧЖдан ундирувчи АИТБ «Ипотека банк» Юнусобод филиали фойдасига қарздорлик ундириш ҳамда ундирувни қарздор жамиятларга тегишли бўлган 43 турдаги автотранспорт воситаларига қаратиш белгиланган ижро ҳужжати мавжуд.
Бу ижро ҳужжати бўлим иш юритувига 15.06.2020 йилда келиб тушган ва шу куни ижро иши юритувини қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳамда қарздорлар томонидан белгиланган ихтиёрий муддатда қарздорлик қопланмаганлиги сабабли «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунга асосан гаров мулклари бўлган автотранспорт воситаларига нисбатан қидирув эълон қилинган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор жамиятларга тегишли бўлган жами 13 турдаги автотранспорт воситалари хатланиб, 6таси «Электрон-онлайн аукцион» ДУКга чиқарилиб реализация қилинган.
Шунингдек, қолган 7 турдаги автотранспорт воситаси хатланиб сақлаш учун АИТБ «Ипотека банк» Юнусобод филиали ходимларига Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 233-моддаси билан огоҳлантирилиб топширилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар Иқтисодий суди кассация инстанциясининг 17.09.2020 йилдаги қарорига асосан Тошкент туманлараро Иқтисодий судининг 2020 йил 24 февралдаги қарори бекор қилинган ҳамда Тошкент туманлараро Иқтисодий судининг 28.10.2020 йилдаги иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримга асосан шу суднинг 4-1001-2002/1354-сонли қарори бекор қилинган.
Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунга кўра, сақлаш учун топширилган мол-мулклар эгаларига қайтарилиши белгиланган.
06.11.2020 йилда АИТБ «Ипотека банк» Юнусобод филиали ходимларига сақлаш учун топширилган автотранспорт воситаларини қарздорларга қайтариш ижро ҳаракатлари олиб борилаётган вақтда банк ходимлари томонидан қаршилик кўрсатилган.
Мазкур ҳолат бўйича ижро ҳаракатларига қаршилик кўрсатган шахсларга нисбатан ҳуқуқий чора кўриш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Кўрилган чора юзасидан қўшимча маълумот берилади», дейилади МИБ ахборот хизматининг Kun.uz сайтига берган хабарида.
«Ипотека банк» ахборот хизмати ҳам ҳолат юзасидан изоҳ берган.
«Ипотека банк» АТИБ Юнусобод филиали ва «BENEFIT TRADE GROUP» МЧЖ ўртасида 2018 йил май ойида кредит шартномаси имзоланган бўлиб, ушбу кредит шартномасига асосан «BENEFIT TRADE GROUP» МЧЖга жами 34та автотранспорт воситалари сотиб олиш учун 36 ой муддатга кредит ажратилган. Шунингдек, кредит маблағи ҳисобига сотиб олинган автотранспорт воситалари тўлиқ гаровга қўйилган.
Ажратилган кредит тўловлари «BENEFIT TRADE GROUP» МЧЖ томонидан ўз вақтида тўланмагани сабабли филиал томонидан 2020 йил февраль ойида кредит қарздорлик ўз вақтида қайтарилмаётгани инобатга олиниб, кредит тўловларни ундириш мақсадида гаровдаги мол-мулкларга қаратиш бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилган.
Суд томонидан 2020 йил 16 февраль куни кредит бўйича қарздорликларни сўндириш учун автотранспорт воситалар ундирувига қаратиш бўйича қарор қабул қилинган ҳамда ижрочилар томонидан автотранспорт воситалари хатланган.
Кейинчалик «BENEFIT TRADE GROUP» МЧЖ томонидан автотранспорт воситалари фуқароларга ўрнатилган тартибда нотариал тасдиқланмаган ва давлат рўйхатидан ўтмаган шартномалар асосида ижарага берилгани аниқланиб, ушбу фуқаролар мурожаатлари асосида, 2020 йил 28 октябрь куни Тошкент туманлараро иқтисодий суди ишни янги очилган ҳолат бўйича иш қайта кўриб чиқиб, фуқароларни ишга учинчи шахс сифатида жалб қилган ва иш фуқаролик судида кўриб чиқиш учун тааллуқли бўлгани сабабли Иқтисодий судда ишни кўриб чиқиш тугатилган. Банк томонидан бугунги кунда юқоридаги қарздорга ажратилган кредитни суд тартибида гаров мулклари ҳисобидан ундириш ишлари давом этмоқда.
2020 йилнинг 6 ноябрь куни мажбурий ижро бюроси ходими банк филиалига автотранспорт воситаларини мажбурий ижро бюросига қайтариш юзасидан мурожаат қилган.
Шунингдек, ушбу вақтда «BENEFIT TRADE GROUP» МЧЖга тегишли бўлган ва банкка гаровга қўйилган (тақиқда бўлган) автотранспорт воситаларини ўрнатилган тартибда нотариал тасдиқланмаган ва давлат рўйхатидан ўтмаган шартномалар асосида ижарага олган шахслар ҳам банк филиалига ташриф буюришган ҳамда уларда автотранспорт воситаларига нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқи бўлмаса-да, авторанспорт воситаларини айнан уларга қайтариб беришни асоссиз талаб қилишган.
Банк ходимлари томонидан фуқароларга барча автотранспорт воситалари фақат мажбурий ижро бюросига қонуний тартибда топширилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Бироқ, фуқаролар томонидан жамиятда юриш-туриш қоидаларига риоя этилмасдан, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатлар содир қилинган. Ҳолат банкда ўрнатилган видеокамераларга тўлиғича тасвирга олинган.
Ҳолат юзасидан ички ишлар органларига ўрнатилган тартибда мурожаат қилинган бўлиб, натижалари юзасидан қўшимча ахборот берилишини маълум қиламиз.
Ўз навбатида, Фуқаролик кодексининг 565-моддасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган бўлиб, фуқароларимиздан автомототранспорт воситаларини харид қилишда тузилаётган битимлар албатта нотариал тартибда тасдиқланишини талаб қилишларини сўраймиз. Фирибгарларга алданиб қолманг!», дейилади банк ахборот хизмати хабарида.
Мавзуга оид
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
07:37 / 08.11.2024
202,9 млрд сўмлик ижро ишларини асоссиз равишда тугатган МИБ мансабдорлари аниқланди
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
17:12 / 30.10.2024