Жаҳон | 07:42 / 10.11.2020
5716
2 дақиқада ўқилади

Apple айфонларни йиғувчи компания билан ҳамкорликни тўхтатди

Apple компанияси iPhone, iPad ва бошқа қурилмаларини йиғувчи Pegatron компанияси билан ҳамкорликни вақтинча тўхтатди. Аниқланишича, Тайванда жойлашган компания ўз корхоналарида талабалар ишчи кучидан қоидаларга зид равишда фойдаланган.

Pegatron АҚШ компаниясининг энг муҳим ҳамкорларидан ҳисобланади. Унинг фабрикаларида iPhone 12’нинг баъзи моделлари йиғилади.

Pegatron’нинг Хитойда талабаларни ишга жойлаш билан шуғулланган баъзи корхоналари ортиқча иш соатлари ва тунги сменаларни яшириш учун ҳужжатларни қалбакилаштирган. Бундан ташқари, талабалар баъзида ўз ихтисослигига алоқаси бўлмаган бошқа ишлар билан ҳам шуғулланган.  

“Pegatron ўз дастури доирасида ишловчи талабаларни нотўғри таснифлаган ва кодексимизнинг бузилиши ҳолатларини яшириш учун ҳужжатларни қалбакилаштирган. Талабалар тунги сменаларда ёки меъёридан ортиқча ишлашган, баъзилари эса ўз ихтисослиги билан боғланмаган ишларни бажаришган”, дейилган Apple баёнотида.

Талабаларни ишга жойлаш дастури раҳбари ишдан олинган, Тайван компаниясига эса синов муддати белгиланган. Бу муддат ичида Pegatron барча қоидабузарликларни бартараф этиши лозим, йўқса унга янги буюртмалар берилмайди. 

2013 йилда China Labor Watch (CLW) ҳуқуқни ҳимоялаш ташкилоти Pegatron’нинг Хитойдаги бир нечта фабрикасида қоидабузарликларни аниқлаган. Жумладан, компания балоғат ёшига етмаганларни ёллашда, кам маош тўлашда, атроф-муҳитни ифлослантиришда, ёмон ва ҳаёт учун хавфли иш шароитларида айбланган. Ўшанда Apple ўз ҳамкорининг корхоналарида мунтазам текширувлар ўтказиб турилгани, бироқ улар давомида жиддий қоидабузарликлар аниқланмаганини маълум қилган.  

Мавзуга оид