Ўзбекистон | 23:29 / 10.11.2020
5669
3 дақиқада ўқилади

«Ўзатом» Атом энергияси бўйича халқаро агентлик миссиясига тайёргарлик кўрмоқда

2021 йилда Ўзбекистоннинг ядро инфратузилмасини ўрганиш бўйича халқаро агентлик миссияси (ИНИР) ўтказилиши режалаштирилган. Айни пайтда ИНИР-олди миссия ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси номидан киритилган ўз-ўзини баҳолаш ҳисоботини муҳокама қилиш ва тегишли таклифларни бериш мақсадида, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (ХАЭА) билан келишувларга асосан 9-12 ноябрь кунлари Интеграциялашган атом инфратузилмалари таҳлили (ИНИР) олди миссияси (pre-INIR mission) видеоконференц алоқа тарзида ўтказилмоқда.

Фото: Ўзатом

«Ўзатом» агентлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикасининг ядро инфратузилмасини ўрганиш бўйича халқаро агентликнинг ИНИР-миссияси ўтказилиши режалаштирилган.

«Атом энергияси бўйича халқаро агентлик билан ўзаро ўрнатилаётган ҳамкорлик, бу биринчи ўринда, атом энергетикаси ривожланган ёки ривожланаётган мамлакатларнинг тажрибасини ўрганиш ва татбиқ қилишдан иборатдир. Бу каби ўрганишларда агентликнинг кенг имкониятларидан фойдаланиб 2021 йил ташкилот миссияси ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу миссияга оид ҳисобот агентликка киритилган бўлиб, ХАЭА экспертлари томонидан кўриб чиқилди ҳамда тегишли таклиф ва мулоҳазалар берилди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, Энергетика вазири ўринбосари  Шерзод Хўжаев атом электр станциясини қуриш бўйича экспертларни жалб қилган ҳолда ўрганишлар олиб борилаётгани ҳақида маълумот берганди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг октябрь ойида Россия ва Ўзбекистон президентлари Владимир Путин ҳамда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасига старт беришган эди.

АЭС қуриладиган майдон сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдонлардан бири танлаб олинди.

Халқаро атом энергияси агентлигининг мустақил ҳукуматлараро ташкилот сифатидаги фаолияти — атомдан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Ўзбекистон мазкур ташкилот билан илмий-техник ҳамкорлик доирасида атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш бўйича кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

2019 йил сентябрида «Росатом» бош директори Алексей Лихачев корпорация йил охирига қадар АЭС қурилиши бўйича асосий шартномани имзолаш ҳамда 2020 йил аввалидан станция қурилиши бўйича майдончада ишлар бошланиши режалаштирилаётгани ҳақида айтганди.

Мавзуга оид