Ўзбекистон Тоғли Қорабоғда ўт очиш тўлиқ тўхтатилганини олқишлайди — Шавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Тоғли Қорабоғда ўт очиш тўлиқ тўхтатилганини олқишлашини маълум қилди. Бу ҳақда президент 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтказилган мажлисида айтиб ўтди.
«Тоғли Қорабоғ можароси ҳудудидаги ўт очиш ва барча ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш тўғрисида Россия Федерациясининг фаол кўмагида эришилган келишувларни олқишлаймиз. Ушбу ҳудудда тинч ҳаёт ва барқарорлик тез фурсатда тикланишига умид билдирамиз», деган Ўзбекистон раҳбари.
Тоғли Қорабоғда Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги навбатдаги қуролли можаро шу йилнинг 27 сентябрида бошланганди. Томонлар бир-бирини провокацияда ва кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни бошлашда айблаб келишган эди. Россия, АҚШ ва Франция раҳбарлари икки мамлакатни тўқнашувларни тўхтатишга ва олдиндан шартларсиз музокараларни бошлашга чақиришган. Туркия эса Бокуни фаол қўллаб-қувватлаб, бу масалани музокаралар йўли билан ҳал қилиш имконсизлигини билдирганди.
9 ноябрь куни Арманистон, Россия ва Озарбойжон раҳбарлари Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилиши тўғрисида баёнот имзолади. Келишувга кўра Арманистон Ағдам, Келбаржа ва Лочин туманларини Озарбойжонга топширадиган бўлди. Бу қарор ортидан Арманистон пойтахти Ереванда норозилик намойишлари бошланди. Мамлакат бош вазири бу қарорни армиянинг талаби билан қабул қилганини билдирди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси 10 ноябрь куни видеоанжуман шаклида ўтказилди. Россия раислигида ўтказилган ушбу учрашув кун тартибидан янги глобал хатар ва таҳдидларнинг кучайиши шароитида ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган.
Мавзуга оид
18:41 / 17.04.2024
Россия тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғни тарк этишни бошлади
00:24 / 03.11.2023
Озарбойжон ўз қўшинларини Арманистон чегарасидан олиб кетди
22:05 / 17.10.2023
Озарбойжон президенти Қорабоғ можароси мавзуси абадий ёпилганини айтди
23:05 / 04.10.2023