Социолог ва журналист Филипп Гажилипо Ўзбекистон нега протекционизм сиёсатига содиқ қолмаслиги кераклиги, глобаллашувнинг моҳияти нималиги, ўзбек бизнесининг хориждаги рақобатбардошлигига таъсир ўтказиши мумкин бўлган уч омил тўғрисида Испаниянинг IE университети профессори, иқтисодий интеграция соҳаси эксперти Фернандо Кортиняс билан суҳбатлашди.
— Келинг, осонидан бошлайлик. Айтайлик, мен замонавий социология, иқтисодиёт ва сиёсатшунослик фанларидан бехабарман, атрофдагилар бот-бот такрорлайверадиган глобализация нима эканлиги тўғрисида ғира-шира тушунчага эгаман. Сиз мендай инсонга, у нима эканлигини қай тарзда имкон қадар лўнда қилиб тушунтирган бўлардингиз?
— Глобализация — бу жаҳонни ягона бозорга айлантирувчи жараён. Лекин бу очиқ бозор бўлмайди. Биз товар, хизматлар ва ҳоказо нарсаларни айирбошлаймиз, лекин бу доимо эркин тарзда амалга оширилишини билдирмайди.
— Унга эркин бўлиши учун нима халақит қилмоқда? Ахир бизга ўргатишларича, бозор ҳам қарийб физика қонунларидек шартсиз асосда яшайди ҳамда бу қонунлар унга очиқ ва эркин бўлиши учун шароит яратади.
— Минглаб, юзлаб йиллар аввал бир неча асосий цивилизациялар ва мамлакатлар бўлган ва уларнинг ҳар бирида қандайдир ўз манфаатлари бор эди. Қоида тариқасида, бу манфаатлар ўзаро кесишмаган. Эндиликда вазият ўзгарган — таъсир зоналари тўқнашмоқда. Бу эса алоҳида мамлакатлар томонидан иттифоқ ва блоклар ташкил этилишига олиб келмоқда. Масалан, NAFTA. Ундан бошқа ҳам иқтисодий бўлган блоклар бор. Улар қандайдир зона билан чегараланиб қолишни исташмаяпти, бироқ бутун дунёни ўз мақсади сифатида кўришни бошлашади.
Глобал таъсир кучи учун рақобат шундай пайдо бўлади, блоклар ичларидан бирортаси жаҳонда етакчи бўлиб олмаслиги учун бир-бирига тўсиқ яратади. Шу сабабли, глобализация ёрдамида капитал алмашинувининг очиқ жараёнлари юз беради, деб айтиш қийин. Парвозлар, уяли алоқа, поп-маданият. Биз истаган жойимизга парвоз қилишимиз мумкин, исталган одам билан исталган вақтда суҳбатлашишимиз мумкин, шу сабабли биз бирлашгандек кўринамиз, лекин бундай эмас. Бизнинг дунё глобал, лекин бир бутун эмас.
— Бироз локал даражага қайтсак: ҳозир бизда бозоримиз қандай бўлиши кераклиги тўғрисида баҳслар кўп. Маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилиш учун чегараларни ёпиш керакми ёки бозорни радикал тарзда очиб, ривожланиш учун жаҳон тизимига интеграция бўлиб, шокни бошдан кечириш керакми? Умумий қонуниятлар ва бошқа мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, бизга нимани тавсия этган бўлардингиз?









