Ўзбекистон | 20:06 / 10.11.2020
5903
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ШҲТ мамлакатларини Афғонистондаги тинчлик жараёнларини қўллаб-қувватлашга чақирди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги мажлисида иштирок этди.

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин раислигида ўтган йиғилишда, шунингдек, Покистон Ислом Республикаси бош вазири Имрон Хон, Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин, Қирғизистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи, бош вазири Садир Жапаров, Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Ҳиндистон Республикаси бош вазири Нарендра Моди иштирок этди.

Бундан ташқари, саммит ишида ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи давлатлар вакиллари – Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани, Мўғулистон президенти Халтмаагийн Баттулға, Эрон Ислом Республикаси президенти Ҳасан Руҳоний, Беларус Республикаси бош вазири Роман Головченко ҳамда ШҲТ бош котиби Владимир Норов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Жумахон Ғиёсов қатнашди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш саммит иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.

Учрашув кун тартибига мувофиқ янги глобал хатар ва таҳдидларнинг кучайиши шароитида ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ташкилотга аъзо ва кузатувчи мақомидаги давлатлар делегацияларининг раҳбарлари устувор йўналишларда кўп томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, уларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзбекистон Республикаси президенти нутқ сўзлар экан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон президенти саммит иштирокчиларини Афғонистондаги тинчлик жараёнларини ва ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб этишни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Шу муносабат билан «ШҲТ-Афғонистон» мулоқот гуруҳи доирасида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тез фурсатда қабул қилиш таклиф этилди. Афғонистонга унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи кўприк сифатидаги тарихий ролини қайтаришга хизмат қиладиган транспорт йўлакларини барпо этиш ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.

«Бугун Афғонистонда узоқ кутилган тинчликка эришиш бўйича тарихий имкониятни қўлдан бой бермаслик ҳар қачонгидан муҳимдир.

Ушбу мамлакатдаги хавфсизлик ва тинчлик масаласига бутун ШҲТ минтақасининг барқарорлиги ва иқтисодий тараққиётини таъминлашнинг муҳим таркиби қисми сифатида қаралиши лозим.

Халқаро ҳамжамият, шу жумладан ШҲТ мамлакатларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Афғонистонда низони тинч йўл билан тартибга солишда умид бағишловчи истиқболлар кўринмоқда.

Тинчликка эришиш, Афғонистон халқига иқтисодий ёрдам кўрсатиш йўлидаги ушбу ижобий интилишларни қўллаб-қувватлаш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимдир.

Ишончим комилки, Афғонистоннинг минтақавий савдо-иқтисодий жараёнларга жалб этилиши ҳам ушбу мамлакатнинг тинч, барқарор тараққиётига хизмат қилади.

Шу муносабат билан «ШҲТ-Афғонистон» мулоқот гуруҳи доирасида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тез фурсатда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тарафдоримиз.

Афғонистонга унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи кўприк сифатидаги тарихий ролини қайтаришга хизмат қиладиган транспорт йўлакларини барпо этиш ташаббуслари ШҲТнинг барча мамлакатлари учун янги истиқболлар очади.

Шу ва бошқа масалаларни 2021 йил апрель ойида Тошкентда ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Хатар ва имкониятлар» халқаро конференциясида муҳокама қилишни таклиф этаман.

Шу билан бир қаторда келгуси йилда, Ташкилотимиз ташкил этилганининг 20 йиллиги арафасида, «ШҲТнинг замонавий халқаро муносабатлар тизимидаги роли» халқаро конференциясини ўтказиш таклифини илгари сурмоқчиман», деган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон ташаббуси билан 2021 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Хатар ва имкониятлар» халқаро конференциясининг кун тартибига киритилиши мумкин.

Саммит якунида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Москва декларацияси қабул қилинди ҳамда ташкилот доирасидаги ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Ўзбекистон ташаббуси билан саммитда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги баёноти қабул қилинди.

Мавзуга оид