Иқтисодиёт | 15:27 / 13.11.2020
5225
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокими хитойлик инвесторлар билан онлайн мулоқот ўтказди

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасида ташкил этилган онлайн мулоқотда қатнашди.

Онлайн мулоқотда хитойлик инвесторларга Андижон вилояти ҳақида тўлақонли маълумот берилиб, Ўзбекистон иқтисодиётида Андижоннинг улуши 6,4 фоизни ташкил этаётгани, вилоят ялпи хомашё маҳсулотлари ҳажми бўйича 6-ўринни эгаллаб тургани, саноат салоҳияти эса республикада ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 10,1 фоизига етгани таъкидланди. Вилоятда саноатнинг асосий тармоқлари сифатида автомобилсозлик, енгил саноат, озиқ-овқат саноати, чарм пойабзал ва бошқалар эътироф этилди.

Шунингдек, вилоят ҳокими онлайн мулоқотда Андижон вилоятининг жорий йил 9 ой якунлари бўйича Хитой Халқ Республикаси билан товар айланмаси 237,6 млн АҚШ долларини (экспорт 42,6 млн доллар ва импорт 195 млн доллар) ташкил этганига алоҳида урғу берди.

Таъкидлаш жоизки, вилоят ҳокимлиги томонидан Хитой Халқ Республикаси ҳукумати орқали «Шанхэ халқаро агросаноат холдинг» компанияси билан ҳамкорликда гилос етиштириш, уни қайта ишлаш ва қадоқлаш, «Цзюфан Хунсин» Пекин транспорт ускуналари компанияси билан эса логистика марказини ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан умумий қиймати 500 млн долларлик лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борилган эди.

Шуҳратбек Абдураҳмонов андижонликлар мазкур лойиҳаларни амалга оширишга тайёр турганини ва хитойлик инвесторлар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини билдирди.

Ушбу музокаралар якунида умумий қиймати 500 млн долларлик гилос мевасини етиштириш ва экспорт қилишни кўзда тутувчи йирик инвестицион лойиҳа имзоланди.

Мавзуга оид