Жаҳон | 19:10 / 13.11.2020
36549
2 дақиқада ўқилади

Хитой ҳукумати Жек Мага қарши уруш эълон қилди

Си Цзиньпин Жек Манинг сўзларида шахсий обрўсини тўкиш ва Хитой назорат органлари фаолиятини шубҳа остига қўйишга уринишни кўрмоқда.

Ant Group (Alibaba’нинг шўъба компанияси) молиявий-технология компанияси акцияларини жойлаштиришни тўхтатиш тўғрисида ХХР раиси Си Цзиньпиннинг шахсан ўзи буйруқ берган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб The Wall Street Journal хабар берди.

 Си Цзиньпиннинг норозилигига Жек Манинг 24 октябрь куни Шанхайдаги чиқиши сабаб бўлган. Ўшанда у мамлакатдаги юқори технологиялар соҳасини тартибга солувчи қоидаларни танқид қилганди.

Қайд этилишича, Си Цзиньпин Жек Манинг сўзларида шахсий обрўсини тўкиш ва Хитой назорат органлари фаолиятини шубҳа остига қўйишга уринишни кўрмоқда.

"Си Цзиньпинга энг бой инсонлар рўйхатига кирган-кирмаганлигингизнинг қизиғи йўқ. Уни бойиб кетганингиздан кейин нима қилаётганингиз ва ўз манфаатларингизни давлат манфаатлари билан мувофиқлаштираётганингиз қизиқтиради", - деган манбалардан бири.

 Нашрнинг ёзишича, Ма ва Хитой ҳукумати ўртасидаги муносабатлар кўп йиллардан буён кескинлигича қолмоқда: ҳукуматни тадбиркорнинг таъсир доираси ва у эгалик қилаётган компаниянинг кучайиши хавотирга солмоқда.

Ant Group ўз акцияларини Шанхай биржаси ва Ҳонконгда иккиламчи рўйхатга олишни (листинг) режалаштирган бўлиб, жойлаштириш 5 ноябрь куни амалга оширилиши керак эди. Компания 34,4 миллиард доллар жалб қилишни режалаштирганди, бу эса тарихдаги энг йирик IPO’га айланиши мумкин эди.

Аммо 3 ноябрь куни Ant Group Хитой регуляторларидан IPO тўхтатилиши тўғрисида хабар олганини эълон қилди. Компания листинг ёки маълумотни ошкор қилиш талабларини бажара олмаслиги ҳақида хабардор этилган.

Мавзуга оид