Ўзбекистон | 19:41 / 13.11.2020
24846
3 дақиқада ўқилади

ХТВ ва Дўсов иши: Жавобгар томон суд раиси ва прокурорга ишончсизлик билдирди

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва собиқ депутат Қобил Дўсов ўртасидаги суд жараёни бир неча ойдан буён давом этмоқда. 12 ноябр куни навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири суд залидан видеорепортаж тайёрлади.

3 ноябр куни фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судида Қобил Дўсовнинг видеомурожаати устидан тайинланган суд-лингвистик экспертизаси хулосаси муҳокама қилинган эди.

Судда Дўсов ва унинг адвокати мазкур экспертлар хулосасидан норози эканини билдириб, суддан экспертиза хулосаси қайта тайинланишини, экспертлар гуруҳи йиғилишида иштирок этган мутахассисларни суд залига чақиришни сўраганди. Суд раиси қайта экспертиза тайинлашни рад этиб, экспертларни суд мажлисига чақириш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантирган эди.

12 ноябр куни бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида экспертлар гуруҳи аъзоси – Чирчиқ давлат педагогика институти Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири А.Шофқоров иштирок этди. Икки томон адвокатлари экспертни саволга тутишди.

Шундан сўнг икки томоннинг ўзаро муҳокамаси савол-жавоб шаклида бўлиб ўтди. Дўсовнинг адвокатлари даъво аризаси бўйича ўз саволларини ХТВ томонига беришди. Унда асосий масала – даъво аризаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов томонидан берилганми ё вазирлик томониданми, деган савол бўлди. Aдвокатларнинг бу саволни беришига сабаб – Шерматовнинг Kun.uz сайтига берган интервюсида: «Уни мен эмас, вазирлик судга берган», деб айтган сўзлари бўлди.

ХТВ томони эса фуқаро сифатида Шерматов Дўсовни судга бермагани, бутун тизим ва 700 мингга яқин халқ таълими ходимларининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиб, вазирлик судга даъво аризасини киритганини таъкидлади.

Суд мажлисида Қобил Дўсов томони суд-лингвистик экспертизасини қайта тайинланишини яна бир бор илтимос қилиб, уни Ўзбекистон Миллий университети филологлари ёки Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси марказига топширишни сўради. Лекин суд жойида ажрим чиқариб, илтимосни рад этди.

Шунингдек, суд мажлисида жавобгар Қобил Дўсов прокурорнинг холислигига норозилик билдирди. Жавобгар Дўсовнинг адвокатлари суд раисининг ҳам холислигига норозилик билдириб, суд раисини алмаштиришни сўраб, судга илтимоснома киритишди.

Батафсил тафсилотлар билан Kun.uz'нинг YouTube'даги каналида жойланган видеорепортаж орқали танишишингиз мумкин.

Ҳозирча суд ишни кўриб чиқишда танаффус эълон қилди. Кейинги мажлис 16 ноябр соат 14:00га белгиланди.

Мавзуга оид