Ўзбекистон | 10:14 / 16.11.2020
5457
2 дақиқада ўқилади

Оролбўйида 12,3 трлн сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади

Жорий йил 14 ноябрь куни Нукус шаҳрида Сенат раиси Танзила Норбоева иштирокида 2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ривожлантириш дастурининг бажарилишини таъминлаш ва бу борадаги вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Сенат раиси Т. Норбоева ўз нутқида давлат раҳбари томонидан 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудудни ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга тўхталди.

Таъкидланганидек, бу бўйича Қорақалпоғистон Республикасини 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Дастурда ҳар бир шаҳар ва туманнинг “ўсиш нуқта”лари ҳамда ижроси бўйича масъуллар белгиланди.

Бундан ташқари, йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ. Сариев дастур доирасида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича ахборот берди.

Қайд этилганидек, 2020-2022 йилларда Оролбўйида умумий қиймати 12 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1 минг 359та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Шундан 523 миллион долларлик тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади ва қарийб 20 мингта янги иш ўрни яратилади.

Йиғилишда сенаторлар, Жўқорғи Кенгес депутатлари томонидан жойларда лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан учраётган муаммолар ва уларнинг бажарилиши бўйича фикр ҳамда таклифлар билдирилди, дейилади Сенат хабарида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид