16:14 / 17.11.2020
2803

Ташқи ишлар вазири Диний эркинликларни илгари суриш бўйича вазирлар конференциясида иштирок этди

2020 йил 16 ноябр куни Польшанинг Варшава шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов Диний эркинликларни илгари суриш бўйича вазирлар конференциясида иштирок этиб, тадбир қатнашчиларига видеомурожаат йўллади.

Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари тадбир иштирокчиларини диний эркинликларни таъминлаш бўйича мамлакатимиз тажрибаси ва республиканинг мазкур йўналишдаги халқаро мажбуриятларини изчил бажараётгани ҳақида хабардор қилди.

Конференция мавзусининг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жумладан, уларнинг диний эътиқодлари эркинлигини таъминлаш борасида ўтказилаётган чуқур демократик ўзгаришлар руҳига мос эканлиги эътироф этилди.

Қисқа давр мобайнида эътиқод эркинлигини мустаҳкамлаш соҳасида республикада амалга оширилган аниқ чоралар, хусусан, халқаро ҳуқуқ нормалари ва энг яхши демократик стандартларни ҳисобга олган ҳолда янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши, диний бирлашмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнининг соддалаштирилиши, мамлакат тарихида илк бор дин ва эътиқод эркинлиги таъминланиши мониторинги бўйича парламент эшитувининг ўтказилиши қайд этилди.

Шунингдек, вазир бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш ҳамда таълим ва маърифатни фаол тарғиб қилиш жамиятда диний эркинлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашнинг самарали йўлларидан бири эканлигини ҳам эътироф этди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари мазкур муҳим форум инсоннинг эътиқод эркинлиги ҳуқуқини ҳимоя қилишни илгари суриш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ишида навбатдаги муваффақиятли қадам бўлишига ишонч билдирди.

Top