31 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси» лойиҳаси кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ушбу концепцияни ишлаб чиққан ташаббускор депутатлар гуруҳининг раҳбари, депутат Жаҳонгир Ширинов ҳужжат ҳақида батафсил маълумот берди. Шириновга кўра, ижтимоий муносабатларга муайян бир динга хос қоидаларни жорий этиш, аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини шубҳа остига қўйиш, фуқаролик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш, ижтимоий ахлоқ нормалари, миллий ва умуминсоний қадриятларни инкор этиш, тиббий хизматдан, илм-фан ва маданият ютуқларидан, товар-хизматлардан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни чеклаш, айрим давлат хизматчиларнинг дунёвий давлатчилик моҳиятини теран англамаслиги ҳамда жамият тараққиёти, бирдамлиги ва барқарорлигига путур етказувчи ғоя ва қарашлар тарқалиши ҳолатлари учрамоқда.
«Бундай ҳолатлар ягона Ўзбекистон халқи, жамият ва давлат ҳамжиҳатлигига хатар бўлиб, қонун ҳужжатларига риоя этилмаслигига, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишига, фуқароларнинг ҳуқуқий тартиботга муносабати салбий томонга ўзгаришига, ватанпарварлик туйғулари емирилишига ҳамда оилавий низоларга олиб келиши мумкин. Диний соҳада давлат сиёсатининг аниқ кўрсатилмаслиги уни аҳоли ўртасида турлича тушунилишига, дунёвий давлат асосларининг бузиб талқин қилинишига, жамиятда зиддиятли вазиятлар кучайишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, илм-фан ва технологик ютуқлар билан ҳисоблашмаслик, унинг давлат ва жамият тараққиётидаги аҳамиятига эътиборсизлик, замон билан ҳамқадам бўлмаслик – мамлакатнинг глобал рақобат майдонидаги муносиб ўрин эгаллаш йўлини мураккаблаштиради», — дейди Жаҳонгир Ширинов.
Қонун билан тасдиқлаш назарда тутилган мазкур Концепция лойиҳаси 7 та боб, 41 та банддан иборат. Концепцияда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади ва унга хизмат қилувчи 10 та вазифа белгилаб берилмоқда. Ҳужжатга кўра, диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади – фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат.















