14:23 / 18.11.2020
5623

Трамп сайловлар туфайли АҚШ Киберхавфсизлик агентлиги директорини ишдан бўшатди

АҚШнинг амалдаги президенти Доналд Трамп 17 ноябр куни мамлакат ички хавфсизлик вазирлигининг киберхавфсизлик ва инфраструктура хавфсизлиги агентлиги бошлиғи Кристофер Кребсни вазифасидан озод қилди.

Фото: AFP

“Крис Кребснинг 2020 йилдаги сайловлар юзасидан берган баёноти жуда ноаниқ бўлди. Сайловларда кўплаб қоидабузарлик ва фирибгарликлар бўлди: «ўлик овозлар», кузатувчиларнинг сайлов участкаларига киритилмаслиги, номзодлар учун берилган овозларни сановчи машиналарда юзага келган носозликлар, кеч овоз бериш ва шу кабилар. Шунинг учун, Крис Кребс айни вақтдан бошлаб киберхавфсизлик ва инфраструктура хавфсизлиги агентлиги директори лавозимидан бўшатилди”, – деб ёзади Трамп ўзининг твиттер саҳифасида.

Шунингдек, Трамп чет давлатларнинг АҚШдаги сайловларга аралаша олиш имкони бўлмагани, улар хавфсизлигининг ягона жиҳати бўлганини таъкидлаган.

Аввалроқ, Reuters агентлиги Кребс вазифасидан озод қилиниши кутилаётганини маълум қилган эди. Маълумотларга кўра, агентлик томонидан сайловлар вақтида дезинформацияга қарши курашиш учун сайт яратилган. Ушбу сайтда «АҚШ Демократик партияси сайлов натижаларини оммавий равишда сохталаштиришга алоқадорлиги тасдиқлангани» рад қилинган. Оқ Уй гўёки ушбу маълумотни таҳрирлашни ёки ўчириб ташлашни талаб қилган, Кребс етакчилик қилаётган агентлик эса бу талабни рад қилган.

Top