Ўзбекистон | 08:45 / 19.11.2020
4505
5 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлик субъектлари тоифасини аниқлашнинг янги тартиби ўрнатилади 

Ўрта бизнесни рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш орқали кичик бизнес субъектларининг йириклашувини таъминлаш ва бу орқали иқтисодиётни диверсификация қилиш мақсад қилинган.

Президентнинг “Ўрта корхоналарни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ўрта корхоналарни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида механизмларни жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

2021 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари тоифасини аниқлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:

а) кичик тадбиркорлик субъектлари тоифасига:

  • якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • микрофирмалар – ўртача йиллик ходимлар сони 10 тагача ва йиллик товар (иш, хизматлар) реализациясидан соф тушум миқдори 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;
  • кичик корхона – ўртача йиллик ходимлар сони 100 тагача ва йиллик товар (иш, хизматлар) реализациясидан соф тушум миқдори 5 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;

б) ўрта корхона – йиллик ходимлар сони 250 тагача ва йиллик товар (иш, хизматлар) реализациясидан соф тушум миқдори 15 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;

в) йирик корхона – йиллик доимий ходимлар сони 250 тадан ортиқ ва йиллик товар (иш, хизматлар) реализациясидан соф тушум миқдори 15 миллиард сўмдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари киради;

г) тадбиркорлик субъектларининг тоифалари мазкур банднинг «а», «б» ва «в» кичик бандларида назарда тутилган шартларнинг қиймати бўйича энг каттасига мувофиқ аниқланади;

д) ўртача йиллик ходимлар сони ва товар (иш, хизматлар) реализациясидан соф тушум миқдоридан қатъи назар давлат унитар корхоналари ҳамда устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик жамиятлари ўрта корхоналар тоифасига кирмайди;

е) ўрта тадбиркорлик субъектлари давлат статистика ҳисоботларини фақатгина чораклик асосда тақдим этадилар.

Ўрта корхоналарга нисбатан шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб:

  • ишлаб чиқариш фаолияти юзасидан хорижий мамлакатлардан жалб этиладиган мутахассислар учун қилинадиган барча харажатларнинг 50 фоизи, шунингдек корхона ходимларини қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ харажатлар тўлиқ Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади;
  • тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда давлат мулки объектларидан фойдаланиш бўйича белгиланган ижара ҳақи суммаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси ва Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказига йўналтириладиган қисмига тенг миқдорда камайтирилади;
  • маҳсулотларни экспорт қилишда автомобил, темир йўл ва ҳаво транспорти билан боғлиқ харажатларнинг 75 фоизигача миқдори Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан компенсация қилинади;
  • фонд биржасида корпоратив облигацияларни жойлаштириш орқали жалб қилинган маблағлар фойда солиғини ҳисоблаш базасига киритилмайди;
  • вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналар солиқ органларини расмий хабардор этиш орқали солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни 6 ой давомида тенг улушларда бўлиб тўлаш ҳуқуқига эга бўлади;
  • корхонани техник-технологик жиҳозлаш ва модернизациялашда ходимларни сотиб олинадиган юқори технологик асбоб-ускуналарда ишлаш методикасини ўзлаштириши учун етакчи хорижий мамлакатларда қисқа муддатли илмий стажировкалари билан боғлиқ барча харажатларнинг 50 фоизи Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан молиялаштирилади.

Ўрта корхоналарга нисбатан қуйидаги йўналишларда устунлик берилади:

  • саноат йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш ёки мавжуд фаолиятни кенгайтириш бўйича кичик саноат зоналаридан жой олишга талабгор бўлган ўрта корхоналарга ташкил этиладиган тендер танловларида;
  • давлат комиссиясининг қарорларига асосан инвестиция ҳамда ижтимоий мажбуриятлар асосида “1 сўм” бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқариладиган ва қонунчиликда белгиланган тартибда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти асосида харид қилинадиган давлат активлари савдоларида.

2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ҳолатларда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан ўрта корхоналарга субсидия ва кафиллик бериш тартиби жорий этилади:

  • тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 75 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорида жамғарма томонидан кафиллик берилади. Бунда, тақдим этилган кафилликлар ва компенсацияларнинг амал қилиш муддати тадбиркорлик субъектининг тоифаси ўзгарганда ҳам сақлаб қолинади;
  • эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб бўлган “темир дафтар”га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни ишга қабул қилганда дастлабки 12 ой давомида уларнинг иш ҳақи фондига нисбатан ҳисобланадиган ижтимоий солиқ суммасига тенг миқдорда субсидия ажратилади;
  • ишлаб чиқарилган маҳсулотларга миллий ва халқаро (мувофиқлик) сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган барча харажатларга тенг миқдорда субсидия ажратилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид