Ўзбекистон | 07:43 / 20.11.2020
4376
2 дақиқада ўқилади

Тўртта вилоятда пиротехника воситалари контрабандаси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди

Янги йил арафасида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмаси кўпаяётгани қайд этилмоқда. Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган ҳолатлар ҳақида Kun.uz'га ахборот берди.

Жиззах шаҳрида фуқаро А.У. тўхтатилиб, қўлидаги хўжалик сумкаси кўздан кечирилганда, унинг ичида қиймати 10 миллион 250 минг сўмлик 18 005 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланган.

Тезкор тадбир вилоят божхона ва миллий гвардия бошқармалари томонидан ўтказилган.

Наманган вилояти Учқўрғон шаҳрида фуқаро М.Ш.нинг яшаш уйидан 57 600 дона пиротехника воситалари топилган.

Хонадонда қўшни мамлакатдан ноқонуний олиб кирилган, сифати кафолатланмаган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 200 миллион сўмлик кийим-кечак ва парфюмерия воситалари, маиший техника ҳамда тиббиёт буюмлари борлиги ҳам аниқланган.

Тезкор тадбир Наманган вилояти божхоначилари томонидан бошқа ҳуқуқ идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган.

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида божхона ходимлари фуқаро К.С.ни тўхтатиб, 2 дона қўл сумкаларини кўздан кечирган.

Натижада сумкаларда умумий қиймати 20,4 миллион сўмлик 2400 қути – жами 144 000 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланган.

Самарқанд шаҳрида божхоначилар ва ДХХ ходимлари «KIA Carnival» русумли автомашинанинг юкхонасини кўздан кечирган.

Юкхонадан фуқаро У.А.га тегишли бўлган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 111 миллион сўмлик 56 172 дона пиротехника воситалари топилган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид