Жаҳон | 11:14 / 22.11.2020
14204
2 дақиқада ўқилади

АҚШда маҳбус 26 йиллик қамоқ жазосидан кейин қатл этилди. Европа иттифоқи АҚШда ўлим жазолари тўхталишини талаб қилди 

АҚШнинг Индиана штатида 1994 йилда ўлим жазосига ҳукм қилинган Орландо Холл қатл этилди. Таъкидланишича, Оқ уйни тарк этиши мумкин бўлган АҚШ президенти Дональд Трамп шу тариқа 100 йилдан кўпроқ давом этган анъанани бузди.    

Фото: Getty Images

Гап шундаки, Оқ уйни тарк этувчи президентлар 130 йилдан кўпроқ вақт ичида федерал судьялар томонидан маҳбусларга нисбатан чиқарилган шубҳали ҳукмларни ижро этишмай, уни ўзларидан кейинги президент ҳукмига қолдириб келишган.  

Орландо Холл 1995 йилда 16 ёшли қизни ўғирлаш, зўрлаш ва ўлдиришда иштирок этишда айбдор деб топилиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган. Унга нисбатан ўлим жазоси 19 ноябрда ижро этилган.

АҚШда федерал даражада чиқарилган ўлим ҳукмлари 17 йил давомида ижро этилмай келинганди. Бироқ 2020 йил июлида АҚШ олий суди қарори билан ўлим жазолари яна ижро этила бошланган. Ўшандан кейин 8 жиноятчи қатл этилган. 

Бу орада Европа иттифоқи АҚШдаги президент сайловларидан кейин ҳокимиятнинг ўтиши даврида ўлим жазоси ижро этилганидан “чуқур хавотир” билдирди. Шу сабабли Европа иттифоқи раҳбарияти АҚШ маъмуриятини ўлим жазоларини тўлиқ тўхтатишга чақирди.

“Европа иттифоқи ҳар қандай вақтда ва вазиятда ўлим жазосига қатъиян қарши чиқади ва АҚШ маъмуриятини ўз қарорини қайта қўриб чиқишга ва федерал даражада қатлларни тўхтатишга чақиради”, дейилган ЕИ баёнотида.

Баёнотда Европа иттифоқида ўлим жазоси шафқатсиз ва ғайриинсоний жазо деб ҳисобланиши, у жиноятлар содир этилиши омилини тўхтата олмаслиги, ушбу жазо ҳолатида суд хатосини тузатиш иложсиз экани таъкидлаб ўтилган.

АҚШда федерал даражада ўлим жазоларини ижро этишга мораторий 2020 йил 13 июлда бекор қилинди. Ўшанда 1996 йилда уч кишидан иборат оилани ўлдиргани учун ўлим жазосига ҳукм қилинган 47 ёшли Даниел Льюис Ли қатл этилганди.    

Мавзуга оид