Жамият | 13:42 / 22.11.2020
13576
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда йўл музлаши оқибатида содир бўлган ЙТҲларда икки киши вафот этди

Йўллардаги музламалар вақтида Жиззахда инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲлар содир бўлди.

Жиззах вилоятида 18-19 ноябр кунлари ёғган қор сабаб йўл сирпанчиқ ҳолатга келгани сабабли икки йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

ЙҲХББ матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, 2020 йил 20 ноябр куни соат 7:30 ларда Шароф Рашидов туманидан ўтган Қўқон–Жиззах автомобил йўлининг 286-километрида Damas ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган «КамАЗ» юк машинаси билан тўқнашган.

Ҳодиса оқибатида 1966 йилда туғилган Damas ҳайдовчиси вафот этган. Ҳайдовчининг бошқарувни йўқотишига 18-19 ноябр куни ёғган қор натижасида йўл сирпанчиқ ҳолатга келгани сабаб бўлган.

18 ноябр соат 16:30ларда Зомин туманидан ўтувчи 4К-241 Зарбдор-Аччи-Қорамозор автомобил йўлининг 9-километрида 1993 йилда туғилган ҳайдовчи Баҳодир Тўғонов бошқарувидаги Nexia қарама-қарши йўналишда келаётган 2002 йилда туғилган Сардор Пардабоев бошқарувида бўлган Nexia-2 автомашинаси билан тўқнашган.

Nexia-2 машинасида бўлган йўловчи, ҳайдовчининг 1968 йилда туғилган отаси тан жароҳати олиб шифохонада вафот этган. Ҳайдовчининг ўзи эса тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Ушбу ЙТҲга ҳам қор ёғиши оқибатида йўлнинг ҳаракат қисмида сирпанчиқ юзага келгани сабаб бўлган.

Мавзуга оид