23:28 / 24.11.2020
11358

Беморлар камайгани боис, Тошкентдаги айрим тақсимлаш марказлари ёпилмоқда

Учтепа туманидаги «Атлас» дўконида COVID-19 ва атипик пневмония беморлари учун ташкил этилган тақсимот маркази ёпилди. Тез орада «Ёшлик» спорт мажмуасидаги марказ фаолияти ҳам тўхтатилади. Аввалроқ президент коронавирусга ихтисослашган шифохоналарни оптимизация қилишга топшириқ берганди.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани сектор раҳбарлари 24 ноябр куни сайёр қабул ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Қабулда туман ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев коронавирусга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган мажмуалар ёпилаётганини маълум қилди.

«Тахтапулдаги 42-оилавий поликлиникамиз ковид-марказга айлантирилган ва керакли ҳамма медтехника, врачлар жалб этилган. Улар фаолият олиб боряпти.

Июн ойида бошлаганимизда, битта саралаш марказимизда кунига 200–250талаб беморларни қабул қилаётгандик. Улар орасидан кунига 10тадан 25тагача беморда пневмония, 15тадан 20тага беморда эса COVID-19 аниқланаётганди.

Худога минг қатла шукр, бугунги кунда ковид чиқаётгани йўқ. Кеча фақат бир беморда пневмония чиқибди. 18та, 12та, 10та, 4та, 3та, 2та, 1та бўлиб камайиб борди. Шунинг учун ҳам карантинни юмшатдик», – деди Абдуқаҳҳор Тўхтаев.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, «Ёшлик» спорт мажмуасида ташкил этилган 505 ўринли тақсимлаш маркази ёпилмоқда.

«Биз уни ёпяпмиз. Учтепа туманидаги «Атлас» дўконида 1008 ўринли тақсимлаш маркази ташкил қилинганди, у бутунлай ёпилди. Ўз вақтида у ер 1008та одам билан тўла эди. Касаллик орқага чекина бошлагач, ҳозирга келиб ёпилган.

Туманимиздаги [«Ёшлик» спорт мажмуасида ташкил этилган] саралаш маркази ҳам бугун-эрта ёпилади. Қолган бўлса, тахминан 80 нафар бемор қолди. 505та ўриннинг ҳаммаси тўлиб, жой қолмаган вақти ҳам бўлди. Кўпчилик даволаниб чиқди. Ҳозир ҳам, «Бўлди, ёпиляпмиз, уйингга кет», деган гап йўқ, юз фоиз даволаб, кейин уйига жавоб бериляпти. 

Буни ёпамиз, лекин эътибор беринглар, бу касаллик яна кўпайиши эҳтимоли бор. Айниқса, совуқда. Шунинг учун буларнинг ҳаммасини консервация қилиб қўямиз», – деди Шайхонтоҳур тумани ҳокими.

Унинг қўшимча қилишича, 1-сонли шаҳар клиник шифохонасида кислород бериш жиҳозига эга ўринлар сони 23тадан 200тага оширилган.

  • Ўзбекистон бўйича 89та муассасада COVID-19 беморлари учун 17 500 та ўрин ажратилган, лекин уларда 6 570 нафар бемор даволанмоқда, дейилган эди 17 ноябрдаги президент селекторида.
  • Давлат раҳбари улкан маблағлар бекорга сарф бўлаётганини айтиб, коронавирусга ихтисослашган шифохоналар фаолиятини чуқур ўрганган ҳолда уларни оптимизация қилиш топшириғини берганди.
Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top