Ўзбекистон | 18:50 / 24.11.2020
27677
21 дақиқада ўқилади

Депутат Ғаниев билан суҳбат. 2-қисм: газсиз қиш, «UzAuto» билан зиддият ва «Робин Ҳуд эмаслиги» ҳақида

Бир неча кун олдин Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев билан суҳбатни эълон қилган эдик. Бугун фаол ва очиқ гапира оладиган кам сонли депутатлардан бири бўлган Дониёр Ғаниев билан суҳбатнинг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Депутат мамлакатдаги кўплаб муаммолар, Англиядан Ўзбекистонга қайтганидаги газсиз, совуқ қиш, одамларнинг мурожаатлари ва жамиятнинг сиёсий интеллекти ошиши ҳақида фикр билдирди. Жуда самимий руҳда ўтган суҳбатнинг видео ва матнли кўринишини айнан келтирамиз.

– Депутатлар кўп, Олий Мажлисни тўлдириб ўтирасиз мажлисларда. Лекин қанақадир муаммоларни олиб чиқаётганда, асосан 3-4 кишисизлар. Бошқалар қўшилмаётгани, муаммога умуман яқин келмаётгани, оч қорним – тинч қулоғим деб, фақат сессияга келиб-кетаётган депутатларни уйғотиш йўли ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисизлар? Нимага депутат депутатга елкадош бўлмайди?

– Тўғри, жамоатчиликнинг кўзига кўринадиган саноқли депутатлар бор, лекин бу қолган депутатлар ишламайди, дегани эмас. Аслида депутатнинг иши биринчи навбатда қонун ижодкорлиги ва бу юридик билимларни талаб қилади. Узоқ вақт қоғозлар устида ўтириш керак. Бу жараёнда ишлайдиган фаол, ўз ишининг устаси бўлган депутатлар бор. Мен масалан, депутат бўлганим билан юридик билимим йўқлиги ва ҳали янгилигим учун жуда кўп қийналяпман. Тажрибали депутатларнинг ишини кўриб, улардан ўрганяпман.

Бундай депутатлардан ташқари майда бўлса ҳам келган мурожаатлар ёки сайловчилар билан бўлган мурожаатлар, имкон қадар ҳал қилиб, одамларга яхшилик қилиш ҳаракатида юрган депутатлар ҳам кўп. Яъни нияти фақат келиб, ўтириб, ойликни олиб кетиш эмас, ҳақиқатан одамларга яхшилик қилишни, ёрдами тегишини истайдиган депутатлар жуда кўп. Фақатгина кимдир уни жамоатчиликка олиб чиқишни билмайди ёки кимдир кўздан панада бўлишни истайди – яхшилик қилиш имкониятимни ҳам йўқотиб қўймай, бировнинг кўзига хунук кўриниб қолмай деб, эҳтиёткор бўлиб, бировга билдирмай, имкон қадар ўзининг ишини бажаришга ҳаракат қилади.

Лекин иккинчи гапингиз ҳам тўғри, баъзида айрим масалаларда қанчалик жон куйдирманг, кўпчилик овози билан ўша масаланинг ўтиб кетиши ҳафсалангизни пир қилади. Энг алам қиладигани, ўша фаоллигингизга, ўша фаол бўлганингиздан кейин ёши каттароқ депутат орқали сизга бу фаоллигингизни камайтиришга насиҳат хабар тарзида жўнатилади: «Ёқмаяпсиз, кўпчиликнинг вақтини олманг, нима кераги бор?» Қисқа муддат ичида менда бундай ҳолатлар кўп бўлди.

– Битта мисол келтиринг.

– Масалан, «Тил тўғрисида»ги қонун лойиҳаси, Сардоба масалалари бўлди. Босим бу – ижро ҳокимиятидан расмий бир қўрқитув босими эмас, ўша ўз атрофингиздаги ҳамкасбларингиз ёки оилангиздагилар, балки улар ҳам сизни ўйлаб, сиз учун қўрқиб, сиз учун қайғуриб, «нима кераги бор шуни, барибир фойдаси йўқ, жим ишлаб келавер» дейишади... Кейин ўйлашни бошлайсиз: «Менга нима, ҳамма шароитни яратиб берган давлат, мен ҳам ҳамма қатори келиб-кетиб, 5 йилни ўтказиб олай, кейин яна чет элга кетаман», деган фикр келади-да, лекин маълум бир муддатдан кейин мурожаатлар келади ёки кун тартибидаги мавзуларни кўриб, яна ишингизга қайтасиз.

– Беш йил ҳазил давр эмас, шу давр ичида қанчалаб шундай фикрга келади одам. Яъни ўша жўшиб-ёниб туришади. Бир марта босишади, икки марта босишади. Ташаббусларингиз ўтмай қолади. Э, бор-е, менга нима дегани депутатнинг тугагани шу эмасми?

– Бу табиий жараён, инсон тепага, пастга тушади ва энг муҳими, мана шу пастга тушганингизда қолиб кетмаслик. Яъни, маълум муддат ўтгандан кейин атрофингизда бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлиб қолмаслик, мана шу энг муҳими. Қачондир, балки, мен ҳам тўхтаб қолсам, у депутатнинг тугаши бўлиши мумкин. Ўзимнинг шахсий тугашим бўлиши мумкин. Бефарқ бўлиб қолсам, шундай бўлиши мумкин.

– Дониёр гапираверади, чунки орқасида «танка»си бор ёки ҳукуматда ишонган одами бор, гапиради. Агар бўлмаганда, гапирмаган бўларди, дейишади...

– Бунга қўшилмаган бўлардим. Ҳеч қачон гапимни кимдир ҳимоя қилади деб ўйламаганман.

– Бирор мавзуни кўтараётганда ҳеч ҳам ўйламайсиз-а?

– Аксинча, менда тескариси бўлади. Кўпинча, орқаси деяётган одамлар менинг кучсиз томоним бўлиб қолади. Уларга менинг гапирган гапим жазо ёки камчилик сифатида боришидан қўрқаман. Бу энг ёмон нарса, агар ўзингизга келса, бу хато ўзингизники ва ўзингиз жавоб берасиз.

Мен ўзимни ҳақиқатпарвар, Робин Ҳуд ёки ниҳоятда объектив одам деб ҳисобламайман. Жуда кўп ҳолатлар бўлади. Мен ҳам субъектив ёндашаман масалаларга. Қайсидир жойларда манфаатдан келиб чиқиб ёндашаман, мен ҳам инсонман. Фақат ҳақиқатни гапираман, демоқчи эмасман. Имкон қадар гапираман, гапира олмаган жойимда сукут сақлайман. Ҳамма жойда тўғри бўлмаслиги мумкин, лекин тўғри бўлишга ҳаракат қиламан.

– Халқнинг муаммолари кўп, аввал ҳақиқатан ҳам ёпиқ бўлган эканмизки, бирор нарса гапира олмаганмиз ёки ўша муаммоларнинг кўплиги ва кўламини биз билмаганмиз. Бизга кўрсатилганинигина билганмиз. Ҳозир қарасангиз, ҳар қадамда муаммо: коммунал хизмат, қурилиш, коррупция, олий таълим, ўрта таълим, рўмол, соқол, диний эркинлик, бағрикенглик, монополия. Шунча муаммолар орасидан «UzAuto» билан боғлиқ муаммо орқалигина кўриниб қолдингиз. Кейин табиий савол туғилади: Дониёр билан Расулнинг (Кушербаев) «UzAuto»дан бошқа муаммоси борми? Шунча муаммо бўла туриб, булар нега «UzAuto»га ёпишиб олди?

– «UzAuto»га «ёпишиш» масаласи, тўғрисини айтиш керак, кутилмаган ҳолат бўлганди. Биринчи видеойиғилишга ҳам мен ярим соат олдин чақирилган эдим ва у ерга ҳеч қандай тайёргарликсиз кирганман. Ўша ерда суҳбатни эшитиб ўтириб, уларнинг оғзидан чиқаётган гаплар қанчалик мантиқсизлигини ўзларига қайтариб бердим, шунинг орқасидан бошланиб кетди. Энди қаерга борсангиз, одамлар шуни сўраяпти... Бизда таълим ёки бошқа масалалардан кўра машина муаммоси кун тартибимизнинг бошида турар экан-да. Яъни жамиятда ёшларнинг олаётган таълими, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга нисбатан ҳаммага машина кўпроқ қизиқ экан.

Лекин мен бунинг орқасидан атайлаб тадбирлар қувлаб юрганим йўқ, фақат вақти келганда сўров юборяпмиз. «UzAuto»га оид хабар чиққанда, бу янгилик сифатида тез тарқаб, изоҳлар кўпайиб кетяптики, худди бошқа масала йўқдек. Лекин мен асли депутатлик фаолиятимда кўпроқ қонун ижодкорлиги билан шуғулланяпман. Тўғри, депутат бу сиёсатчи, сиёсатчи табиий тарзда жамиятда бўлаётган ҳар битта воқеага имкон қадар муносабат билдириб бориши керак. Лекин бу менинг функционал вазифам эмас-да.

Энди ўзимга қоида қилиб боряпман имкон қадар, тушунчам бор, ақлим етадиган мавзуларга муносабат билдиришга ҳаракат қиляпман. Ҳамма ёққа муносабат билдириш ҳам яхши нарса эмас экан. Чунки ҳамма нарсага аралашиш ҳам, ҳамма нарсада ўзингизни ақлли, билимдон қилиб кўрсатиш ҳам популизмга тўғри келаркан. Ҳамма соҳанинг ўз мутахассиси бор. Агар бироз бу соҳани тушунсангиз, майли, муносабат билдиринг.

Мен депутатман ва менга мурожаатлар тушади, бу борада вазирликларга чиқаман. Ҳозир шундай жараёнки, оддий депутатнинг вазирликларда унча ҳурмати ҳам йўқ, менсишмайди. Лекин сал танилган бўлсангиз, жамиятда сизнинг фикрингиз оммалашганини билишса, сиз билан ҳисоблашишга мажбур бўлишяпти. Шундан яхши маънода фойдаланишга мажбурман. Қайсидир маънода имиж яратишим керак. Ўзингизнинг шахсий манфаатингиз учун эмас, эртага гапингиз бир жойда ўтиши учун, сизга келган мурожаатни ечишда ричагингиз бўлиши учун жамоатчилик олдида кўринган бўлсангиз, фойдаси бўлади. Вазирликларга чиққанингизда, у сиз ҳақингизда эшитган, билган, сиз билан гаплашганда мурожаатингизга қулоқ солишга ҳаракат қилади.

– Битта монополия ҳақида гаплашдик. Сиз бу борада биринчи мағлубиятга учрадингиз («UzAuto»га судда ютқазиш назарда тутилмоқда). «Уруш»даги эмас, локал жангдаги мағлубият. Шу мағлубиятни деб, вақтинчалик мағлубиятни дейлик, ҳеч нарса қила олмадинг, деб истеҳзо қилганлар бўлдими? Оғир ботдими?

– Оғир ботгани йўқ, сабаби, ютқазиш эҳтимоли баландлигини ўзим ҳам билардим. Жуда катта ишонч йўқ эди. Лекин ўн киши истеҳзоли гапирса ҳам кўчада бир киши сизга раҳмат айтса, ўша ўн кишининг гапини босиб кетади. Жамиятдаги муаммоларни бир киши еча олмайди. Ўша саналган муаммоларнинг яратувчиси ҳам ўзимиз, энг қизиғи. Ҳеч ким ташқаридан келиб бу муаммоларни яратиб, устимиздан калтак уриб, бизни ушлаб тургани йўқ. Муаммоларни яратаётган, уни ушлаб турган, ундан манфаат топаётган худди сиз билан менга ўхшаган, орамизда, жамиятда яшаётган одамлар. Катта эҳтимол билан шу муаммодан шикоят қилаётганлар ўзида шу имконият бўлиб қолса, ўша муаммо давом этади. Бугун нолиётган одамнинг ўзида имконият бўлиб, ўзи унинг ўрнида бўлиб қоладиган бўлса, қарор берувчи ёки у муаммодан манфаат топаётган бўлса, катта эҳтимол билан у эътироз билдирмай қўяди. Чунки биз шундай жамиятмиз. Ўзимизни ўзимиз алдашимиз мумкин, лекин ўнтадан тўққизтамиз менимча, шунақамиз.

Ойга учиш ҳақида бир ҳикоя ўқигандим. Жон Кеннеди NASA'га борган экан, у ерда бир фаррош қаттиқ ишлаётганини кўрибди. Шунда раҳмат айтиб, жуда ҳам ишингга берилган экансан, деса, фаррош мен бу ерда пол артаётганим йўқ, ойга учадиган миссияга ўз ҳиссамни қўшяпман, деган экан. У дахлдорлик ҳиссини ва қилаётган иши қанчалик катта ёки кичкиналигидан қатъи назар энг муҳими, жамият сифатида қўйилган катта бир мақсадга қаратилганини ҳис қилиш ва мен ҳам кўпинча ўзимни шу билан алдаб юраман. Мен битта болтман, оддий бир болт, лекин ҳар қандай муаммони ечиш учун мендек болтдан минглаб, миллионлаб керак.

– Фарғонадаги уйингизда, эски ҳовлида газ билан «свет» борми?

– Марғилондаги ҳовлимизда, ота ҳовлим, ҳозир онам, укам турадилар. Газ, адашмасам, ё ўн йил, ё саккиз йил олдин узилган. Марғилонда электр энергияси яхши. Асосий жойларда яхши. 2018 йилда укамнинг тўйида уйимизни таъмирлаётганда трубаларни кестириб юборганмиз. Хунук тургани учун қачондир газ келса, улармиз, деган мақсадда уздирганмиз. Марғилонда энг катта муаммо газ. Сайлов жараёнида ҳам бунинг энг катта муаммо эканини билганман. 50 та маҳалла бўлса, 20 тасида газ бор, 30 тасида йўқ. Ўзимнинг маҳалламда йўқ ва ҳозир ишонсангиз, Марғилонга сайловчилар билан учрашгани боришга қўрқяпман. Имкон қадар орқага суряпман, баҳона қилиб, ўзимни ўзим алдаб. Чунки биламан, муаммо битта. Электр эса шаҳарда яхши, кўз тегмасин. Охирги 2-3 йилда электр муаммоси ечилган. Қайсидир қисмларда ўчса керак. Лекин 80-90 фоиз яхши. Лекин газ жуда ҳам катта муаммо. Борганим билан, олдимда икки хил вазият туради. У одамни тинчлантириш учун ё мен ёлғон гапиришим керак, ёки қуруқ ваъда беришим керак. Ёки рост нарсани гапириб, бадтар уни оловлатишим керак.

Сайловолди дастуримда ҳам бу борада олдимга мақсад қўйганман. Собиқ вилоят ҳокимининг ўзи марғилонлик бўлгани, вазиятни билгани учун, бу масалани қайта-қайта кўтариб, муҳокамага киритишга эришганмиз. Марғилонда кўп қаватли уйлар бор, 250 дан ортиқ. Бу уйларнинг ҳаммасида марказлашган иситиш тизими йўқ. Олдин бўлган, кейин совет давридан кейин талон-тарож бўлиб, бор тизим ҳам йўқ бўлиб кетган. Бугун ҳамма уйлар бор газни кўп қаватли уйларга берамиз. Чунки уларда ўтин ёқиш ёки бошқа иситиш имконияти йўқ. «Дом»дагиларга оғир. Шунинг учун уларга газ берамиз. Иситадиган газни баланд қилиб ёқиб қўяди-да, уйни ўша билан иситади. Бу биринчидан хавфсизлик нуқтайи назаридан жуда ҳам ёмон. Иккинчиси, газни нотўғри ишлатяпмиз. Увол бўляпти газ. Самарасиз фойдаланяпмиз.

Ўз навбатида пул тўлаш нуқтайи назаридан ҳам исталмаган талон-тарожликка дуч келяпмиз. Яъни у киши бошига олган, ҳисоблагич эмас, лекин газ ёниб ётибди. Қарабсизки тўланган пул оз ва муаммо катталашиб бормоқда. Шунинг учун биз икки йил олдин режани бошлаб, ниҳоят 2020 йил дастурига киритишга эришганмиз – уч йил давомида 2020-22 йилда шаҳарнинг бир қисмида 150 та уйга марказлашган иситиш тизимини тиклаш бўйича. 120 млрд сўмлик лойиҳа бу. 2020 йил дастурида 30 млрд ажратилган. Ишлар бошланган. 3 йилда ҳаммаси яхши бўлиб турса, 2022 йилда бу лойиҳа тамомланади. Марғилонга берилган газ ҳажмини кесмасликни ваъда қилишган. Кўп қаватли уйларга марказлашган иситиш тизими орқали тежалган газни шаҳарнинг бошқа маҳаллаларига, ҳозир 30 дан ортиқ маҳаллада газ йўқ бўлса, камида яна йигирмата маҳаллани газлаштириш имкониятига эга бўламиз. Одамларга буни бориб айтсангиз, унча қизиқиш бўлмайди. Сабаби улар бугун сўрайди-да.

Англиядан бир марта қишда келганман ва охиргиси ҳам бўлган, шу қишдан кейин Ўзбекистонга қишда келмайман, деб аччиқ қилиб кетганман. Уй совуқ. Ҳаммомга кирсангиз, иссиқ сувни «тент» орқали иситардик, тент исиса, чироқ ўчиб қоларди, чироқ бўлса, сув исимасди. Қийинчиликлар бўларди. Шунинг учун қишда келмайман, деб кетардим.

– Ҳозирги ҳолатингиздан воз кечиб, фермер, деҳқон, ҳунарманд-уста, умуман жамиятга фойдаси тегадиган оддий инсон бўлиб кетишингиз мумкинми?

– Мен ўзим хоҳлайман. Кўпинча, ҳафсалам пир бўлганда. Мана, ҳозир магистратурада илмий иш қилиш ниятим бор. Илмий ишимни қилиб олсам, ўқитувчилик қилиш ниятим бор. Нимагадир педагогикага қизиқаман. Насиб қилса, бир кун ўқитувчилик қиламан. Укам ишлайди олий таълимда. Ойликлар жуда яхши бўлиб қолган. Қониқарли даражага чиққан. Қачондир балки карьерам тугаганда олий таълимда, университетда иқтисодиётми, иқтисодий соҳага оид, аудитми, бухгалтериями, шу соҳада дарс бериб, педагоглик фаолияти билан шуғулланишни орзу қиламан. Ниятим бор.

– Илмий иш қилишга кетадиган салоҳият, ақлни ўтин ёришга сарфламаслик керак...

– Бир блокда кетибди, кимдир гапирибди. Бўйинбоғ таққанларнинг ойлиги баланд, ер чопганларники оз ва энг қизиғи, ана шу сюжетга менинг «UzAuto»да гапираётган жойимни қўйибди. Худдики, мен бўйинбоғ таққаним учун баланд ойлик оляпман. Ер чопаётган оз ойлик оляпти ва мен унинг ҳақини еётгандек. Меҳнат қилаётган одамнинг меҳнати жуда юксак. Мен буни тушунаман. Уни ардоқлаш керак. Жисмоний меҳнат осон эмас. Мен ўзим ҳам ўтганман ўша фазадан. Хорижда ўқиётганимда жуда кўп меҳнат қилганман: оддий ишчи бўлиб ишлаганман, магазинда ишлаганман – ҳамма ишни қилганман. Лекин биз одамларнинг меҳнатига, агар у ақлий меҳнат билан пул топаётган бўлса, салбий қарамаслигимиз керак. Аксинча, ақлий меҳнат билан пул топадиган жамиятга айланишимиз керак. Пахтани олайлик, унда бир неча миллион одам қатнашади. 3 миллион тонна пахта теряпмиз. У бир миллион тонна тола бўляпти. Толани 1,5 доллардан ҳисобласак, у 1,5 млрд доллар. Майли, уни қайта ишлайлик, калава ипга айлантиряпмиз. 2,5 млрд доллар ҳам бўлмайди. Бор ана 4 млрд доллар ҳам денг. 4 миллиардга бир неча миллион одам банд.

Телефон компанияларни олайлик. Аррle жисмоний меҳнат қилмайди. Жисмоний меҳнатни мана, Хитойда ишчи қилади, ўтириб олиб теради. Бир неча юз сонли ишчи Колифорнияда ўтириб, дизайн қилади, яъни, ақлий меҳнатини қилади. Лекин унинг топаётган даромади бизнинг бутун Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотидан кўп. Яъни, бир неча минг одам ўттиз миллион одамнинг ишини қиляпти. Масалан, сиз минг долларга телефон оляпсиз, тўғрими, кимнидир неча соатлик меҳнатини сиз ўша пулни, дейлик, 6 ойда топарсиз. Олти ойлик меҳнатингизга алмаштиряпсиз. Чунки иқтисодиёт бартердан иборат. Қилган меҳнатингиз ақлий бўладими, жисмоний бўладими, уни пул кўринишида бир нарсаларга алмаштирасиз. Хизмат сотиб оласиз, маҳсулот сотиб оласиз, меҳнатингизни, кучингизни баҳолаяпсиз. Бу билан мен жисмоний меҳнат ёмон демоқчи эмасман, фақат шу билан бўлиб қолганимиз, инновацион, ақлий нарсалар яратмаётганимиз учун биз ўзимиз йиллаб қилган ёки минглаб одам қилган меҳнатни кимнидир бир кунлик меҳнатига алмаштиряпмиз. Бу жуда ҳам аянчли ҳолат. Ҳамма ўзининг ишини қилиши керак. Кимдир ақлий жойдан фойда берса, кимдир жисмоний жойдан фойда беради. Меҳнатни ажратиш – хато.

– Аввалги ва ҳозирги даврни солиштиришдаги сўнгги солиштирув: аввал мумкин эмасди, ҳозир мумкин. Ҳозир мумкин-ку, хоҳлаганча гапир, менга фарқи йўқ. Мен тебранмайман, тепсанг ҳам. Шунақамасми?

– Ҳозир тебранмас, лекин барибир тебранишга мажбур бўлади. Энг муҳими, биз гапиришни бошлаб олдик. Бунинг ўзи катта ютуқ. Бу муаммоларнинг ечими ҳам бир кунда бўлмайди. Кеча шуни гапира олмас эдик. Бир маиший масалаларни кўрсангиз, бугун оддий ҳолга айланиб қолган. Фақат биз унга ўрганганимиз учун шунақа. Инсон зоти кўп, кўп, кўп сўрашни бошлайди-да. Аслида сиз билан менинг ўтирганим ҳам бугунги сиёсат меваси. Мен ишонч билан айтаманки, бугунги сиёсат бўлмаганда катта эҳтимол билан Ўзбекистонда бўлмаган бўлардим. Кутиш билан реаллик орасида тафовут катта. Биз кутаётган нарса катта, реаллик анча орқада. Ва бу нарса секин-секин уйғунлашади. Биз кутаётган даражамиз пасаяди ва реаллик ҳам кўтарилади. Ўша иқтисодиётда мувофиқлик термини бор. Талаб ва таклиф учрашадиганга ўхшаб, қачондир бу нарса ҳам ўз жойига келади.

– Сир эмас, ҳар қандай ривожланган жамият қонун устига қурилади. Қонун устуворлигига қурилади. Ўн йил ҳақида гапирамизми, беш йилдами, монополиями, ҳаммаси қонунга бориб тақаляпти. Уни ишлашга тақаляпти. Раҳбарлар, ҳокимлар ва оддий одамлар. Нимага қонун ҳаммага бир хилмас? Нимага биз раҳбарларни кечиряпмиз-да, оддий одамларни кичкина хатоси учун ҳам кечирмаяпмиз?

– Бирор жамият йўқки, ўн баллик шкалада ўн оладиган, қонун устуворлиги тўлиқ таъминланган бўлса. Ҳозирги ҳолатимиз ўн бир баллик шкалада уч билан тўртнинг орасида, менимча. Сабаби раҳбарларда ҳам қуйи қатламда жазо қўлланиляпти. Энди бу нарса секин-секин лавозим даражасида юқорилаб бориши керак. Бунда имкон қадар юқори лавозимдаги раҳбарлар намуна бўлиши керак. Давлатларнинг тарихида бурилиш нуқта бўлиши керак-да. Қайсидир воқеа бундай ҳолатларнинг бурилиш нуқтаси бўлади. Ўйлайманки, бизда ҳам қачондир шундай қатъий бурилиш нуқта бўлади. Иккинчи томони, менталитетда. Жуда кўп қонундан нолийдиганлар ўзига ишламаётгани учун нолийди. Агар ўша қонуннинг ишламаётгани ўзининг манфаатига бўлса, тескари қараб кетишни маъқул кўрамиз. Жамиятимизнинг жуда катта қисми ўз манфаатини кўпчиликнинг манфаатидан устун қўяди. Токи биз шуни ўзгартира олмас эканмиз, ўша 10-20 фоиз кўпчилик манфаатини ўз манфаатидан устун қўядиган жамият шакллантира олмас эканмиз, қонун устуворлигини ҳам таъминлашимиз қийин бўлади.

– Ишни ўзимизни ислоҳ қилишдан бошлашимиз керак...

– Албатта, худди шу фикрдаман.

– Раҳмат сизга. Менимча, яна фикрлашсак керак. Муаммолар тугамас экан, биз сиз билан фикрлашаверамиз.

– Фикр булоққа ўхшаб бошлагандан кейин тўхтамайдиган жараён. Энг муҳими, дунёқарашингизга мос келадиган инсон билан фикрлашиш ва фикр алмашиш...

Бобур Акмалов суҳбатлашди

Мавзуга оид