09:38 / 26.11.2020
4706

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси Россиянинг «ЭКСАР» экспорт суғурта агентлиги раҳбарияти билан музокара ўтказди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ делегацияси Москвада Россия Федерациясидаги компаниялар билан икки томонлама манфаатли ҳамда истиқболли ҳамкорлик масалаларини ҳал қилиш мақсадида музокаралар ўтказмоқда.

Жумладан, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Москва шаҳрида «ЭКСАР» экспорт суғурта агентлиги Бош директори Никита Гусаков билан музокара ўтказди.

Музокара давомида «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг углеводород ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган лойиҳалари муҳокама қилинди, унда Россия банкларининг кредит маблағлари учун суғурта қопламасини олиш масаласи кўриб чиқилди.

Суғурта агентлиги 2017–2021 йилларда углеводород ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастурининг иккинчи босқичини молиялаштиришни ташкил этишда фаол иштирок этиб, ривожланаётган Россия банклари синдикатидан олинган кредит бўйича 150,0 миллион доллар миқдоридаги маблағ билан таъминламоқда.

Ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши – 2021 йилда бурғилаш ва геология-қидирув ишларини олиб боришда керакли бўладиган моддий-техник ресурсларни сотиб олиш учун «ЭКСАР» экспорт суғурта агентлигидан маблағ жалб қилиш. Бу – углеводородлар ишлаб чиқаришни жадаллаштиришга асос бўлади.

Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекнефтгаз» АЖ мамлакат иқтисодиёти ва республика аҳолисини углеводород хомашёси билан таъминлаш учун углеводород ишлаб чиқаришнинг прогноз даражасини таъминлаш мақсадида нефт ва газ объектларини модернизация қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Учрашув доирасида томонлар суғурта қопламаси параметрларини, кредит харажатларини камайтиришни, кредит бўйича оптимал ставкани белгилашни, шунингдек, юқори технологияли ускуналар ва Россия ишлаб чиқариш хизматларини сотиб олишни молиялаштириш учун индикатив шартларни муҳокама қилдилар.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top